Азизбекнинг зулми кучайгач, халқ Юсуфбек ҳожи атрофида жипслашиб, ҳокимга қарши исён кўтарди. 1847 йилда Тошкентда бўлиб ўтган юқоридаги ҳоким билан боғлиқ воқеалар Абдулла Қодирийнинг машҳур «Ўткан кунлар» асарида бадиий тасвирланган.
Тошкентда туғилиб ўсган, ўз шаҳрининг тарихини батафсил ўрганган Қодирий романда бош қаҳрамон – Отабек ва унинг отаси Юсуфбек ҳожини халқ эргашадиган ижобий шахс сифатида тасвирлайди. Аслида ҳаётда ҳам шундай эди. Тошкентликлар Юсуфбек ҳожини Муҳаммад Юсуфбек парчабоф деб ҳурмат қилишгани тарихий манбалардан маълум.
«Тошканд аҳолиси Азизбек истибдодидан ортиқ туйинди, кимдан кўмак сўрашни ҳам билмайдир» («Ўткан кунлар»дан).
Зеро, ҳокимнинг зулмига қарши бош кўтарган банда борки, ҳатто, бу тўғрида махфий гапирсалар-да, хуфиялар Азизбекка шипшитиб турган.
«…бир мисол келтурай..Тошканддаги жумъалик гап мажлисларидан бирида бир киши Азизбекни мақтар ва бу мақтовга қарши иккинчиси «нега мунча мақтайсан, Азизбекинг асли бир бачча-да!» дер. Уларнинг бу музокараларини четдан эшитиб турган хуфиялардан бири сўзни Азизбекнинг қулоғига етказар. Эртасига Азизбек мазкур икки кишини ўз ҳузурига олдириб, мақтовчига улуғ мансаб ато қилар ва иккинчисини ўлимга буюрар» («Ўткан кунлар»дан).
Хуллас, халқ дардини кимга айтишни, кимга суянишни билмай юрган пайт. Чидай деса, сабр косаси тўлган. Сабр таги – сариқ олтиндан эса дарак йўқ..Аксига олиб, оломон ҳар ёққа йўл излайди, бир-бирига мағзава ағдарувчилар ҳам кўп.
Аммо халқни бирлаштирадиган йўлбошчи етишиб чиққан эди. Бу Муҳаммад Юсуфбек эди. Халқ Юсуфбек ҳожи деб атайдиган ул инсоннинг уйи Шайҳонтаҳурнинг Занжирлик маҳалласида эди. Унинг ёшлигида касби ҳунарманд-косиб бўлиб, Чорсуда қатор дўконлари бўлган, дўконлари ортидан бойиб, Тошканднинг обрўли зотларига айланди, ҳажга бориб келди. Тошкандга Нормуҳаммад ҳоким бўлган даврда эса унинг вазири, дабири бўлди. Қўқон хони Худоёрхон унга парчабоф унвонини берган эди. Бу тўғрида қўқонлик тарихчи Аваз Муҳаммад Атторнинг «Тарихи жаҳоннамойи» асарида маълумот берилган. Ана шу инсон тошкентликларни Азизбек зулмига қарши жипслаштириб, исён кўтарди. Бунга ҳоким жанобларининг хазинани тўлдириш учун халққа солиқ солгани сабаб бўлди. «Улар ҳар бир маҳала ва кўчага пул солиғи солдилар. Бироқ довюрак кишилар, яъни Муҳаммад Юсуфбек – парчабоф ва бошқалар бу қарорга итоат қилмай, жума куни кечки намоздан кейин бир-бирларига хабар бериб, қўлга илинган нарсалар билан қуролландилар», деб ёзади Аваз Муҳаммад Аттор ўз асарида.
Натижада Азизбек навкарлари билан Юсуфбек ҳожи исёнкорлари ўртасида Тошканднинг Чангоб, Парчабоф маҳаллаларида, Хотун масжиди ёнида жанглар бўлиб ўтади. Бешёғоч маҳалласидаги оломон ҳам найза, таёқ ва милтиқлар билан қуролланиб, Қаландархона йўли орқали ўрдасига қайтган Азизбекнинг навкарлари турган жойни қамал қилади. Шаҳарнинг ўн икки дарвозаси ёпилади.
«Азизбек қалъани айланиб, мерганлардан ҳол-аҳвол сўрар, уларни янги мансабларга кўтариш ҳақида минг ваъдалар берарди. Ҳар бир қўшинда посбонлар жойини текширишдан сўнг ўн-ўн беш киши қалъа деворидан тушиб, қочиб кетарди. Шундан сўнг Тошканд ҳокими исёнкорлардан омонлик тилаб, хотини ва бола-чақасини олиб, Қўқонга кочди ва у ердан Марғилонга кетди. Бироқ ҳийлакор Азизбек жонини сақлаб қолганига шукур қилмай, қипчоқ ва бошқа уруғларга фисқу фасод хатлар ёзиб, хонлик хавфсизлигига рахна сола бошлади. Шу боис «унинг шайтонлиги ошкор бўлгач, Қўқоннинг катта қабристонида бир кечада қатл этдилар», дея тарихчи Аваз Муҳаммад Аттор Азизбекнинг ўлимини тасвирлайди.
Зулмкор ҳокимдан қутулган Юсуфбек ҳожи Янги Тошканд ҳокими ўрдасида дабир лавозимида фаолият кўрсата бошлайди. 1853 йили чор қўшинлари Қўқон хонлигига қарашли Оқмасжидга бостириб кирганида, Юсуфбек ҳожи ҳам босқинчиларга қарши курашди. Урушда ватанпарварлар мағлуб бўлгач, Қўқон хони Тошканд ҳокимини ўзгартириб, у ерга Мирзо Аҳмадни ҳоким қилиб тайинлади. Янги ҳоким Юсуфбек ҳожининг халқ ўртасидаги обрўсидан хавфсираб, соясида қолиб кетяпман, деган ўйда уни ўлдириш ниятига тушиб қолади. Буни сезган Юсуфбек ҳожи Чимкентнинг сўлим Сайрамидаги Манкент қишлоғига қочиб, яширинди. Аммо Юсуфбек ҳожи яширинган жой ҳақида бир пайтлар унинг хизматида юрган Абдумўминқул исмли хиёнаткор ҳокимга бориб чақди. Натижада Юсуфбек ҳожи тутиб келтирилиб, дорга осилди. Бу мудҳиш воқеа 1855 йилда содир бўлган.
Мазкур воқеаларга муаллиф бошқачароқ йўсинда – Отабек тақдирига Қўқон хонлигидаги Худоёрхон, Мусулмонқул, Азизбек каби тарихий шахсларнинг олиб борган мудҳиш сиёсати таъсир қилганлигидан келиб чиқиб ёндашди. Тарихни яхши билган романчилигимиз асосчиси ўтмишдаги ҳаётий воқеаларнинг роман мавзусига доир қисминигина асарига киритган. У Юсуфбек ҳожини романдаги халқ қаҳрамони даражасига кўтарди. Аммо ҳожининг кейинги ҳаётини ёритиб ўтирмади.
Қодирийнинг назарида, қаҳрамонлар жисман ўлса-да, маънан ўлмайди – халқни руҳлантириб, авлодлар қалбида яшайверади. Бунинг учун эса тез-тез тарихга мурожаат қилиб туриш керак. Зеро, Қодирий ёзганидек, «мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрли, дейдилар». Шу боис роман мавзуси ва номи – «Ўткан кунлар» эди.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.