“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун 8 ноябрдан кучга киради.
Ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 9 апрелда қабул қилиниб, Сенат томонидан 21 июнда маъқулланганди. Президент 5 август куни ушбу қонунни имзоланганди.
Давлат кадастрлари палатаси Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси бошлиғи Иззатулла Раҳимов қонун билан боғлиқ тўловлар миқдори ҳақида маълумот берди.
Қонунга кўра, фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига, хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига, фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади.
- Тошкент шаҳрида БҲМнинг 5 баравари (1 млн 875 минг сўм),
- Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм),
- вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда БҲМнинг 2 баравари (750 минг сўм),
- бошқа аҳоли пунктларида БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм) миқдорида тўлов қилинади.
Бир марталик умумдавлат акцияси доирасида бир марталик йиғимни тўлиқ тўлаган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бир марталик тўловни тўлашдан озод этилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахслардан бир марталик тўлов белгиланган тўловнинг 50 фоизи миқдорида ундирилади.
Иззатулла Раҳимовнинг билдиришича, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда Кадастр агентлиги томонидан тегишли шахсларнинг телефон рақамига бир марталик тўловни йигирма иш куни ичида тўлаш тўғрисидаги хабарнома автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик равишда юборилади.
Бир марталик умумдавлат акцияси — ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича президент фармонига мувофиқ 2018-йил 20-апрелдан 2019-йил 1-майга қадар ўтказилган бир марталик умумдавлат акцияси.