Шавкат Мирзиёев «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди. Lex.uz`да қонун матни эълон қилинди. Унда ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни расмийлаштириш учун тўлов миқдори келтирилган.

Қонун 6 та боб ва 35 та моддадан иборат бўлиб, унда қуйидаги ер ва мулкларга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилмоқда:

  • 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
  • 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
  • «бир марталик акция» доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
  • 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокими қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига;
  • боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
  • кичик саноат зоналарига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига;
  • давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига;
  • ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига.

Қонунга кўра, фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига, хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига, фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади.

Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1 млн 875 минг сўм), Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм), вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда БҲМнинг 2 баравари (750 минг сўм), бошқа аҳоли пунктларида БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм) миқдорида тўлов қилинади.

Бир марталик умумдавлат акцияси доирасида бир марталик йиғимни тўлиқ тўлаган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар бир марталик тўловни тўлашдан озод этилади. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган шахслардан бир марталик тўлов белгиланган тўловнинг 50 фоизи миқдорида ундирилади.

Қонун 8 ноябрдан кучга киради.