Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги мактаб ва боғчаларда трихофития касаллиги тарқалаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалди. Расмийлар бу хабарни рад этди.
Мазкур хабарларга аниқлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази профессори Эгамберди Эшбоевга мурожаат қилди. Мутахассис тарқалган хабарлар асоссиз эканини билдирди.
Унинг таъкидлашича, халқ тилида “темиратки” деб номланган ушбу касаллик Ўзбекистонда кўпайиб кетмаган.
“Бу касаллик кеча ёки бир кунда пайдо бўлмаган, у азалдан бор. У ўта хавфли касалликлар тоифасига кирмайди”, дейди Эгамберди Эшбоев.
Шифокорнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда бу касалликни даволашга мўлжалланган юздан ортиқ препарат бор ва уларнинг ҳаммаси етарли даражада. Касалликнинг диагностикаси ҳам мураккаб эмас. Умумий амалиёт шифокори ҳам бунга ташхис қўя олади.
Санитария-эпидемиология қўмитаси эълон қилган маълумотга кўра, ушбу касаллик билан касалланиш ҳолатлари доимий равишда Тери ва таносил касалликлари шифохонаси томонидан рўйхатга олиниб борилади. Касалланган беморлар ҳолатига қараб стационар ва уй шароитида даволанади. 2024 йилда Ўзбекистонда трихофития билан касалланиш камайгани кузатилмоқда.
Трихофития — касал ҳайвонлар билан алоқа қилганда тез юқадиган ва тарқаладиган тери замбуруғли юқумли касаллик. Унинг сурункали суст шакллари, айниқса кенг тарқалган бўлиб, инфекция умумий тароқ, ёстиқ ва уй-рўзғор буюмларидан фойдаланиш орқали барча оила аъзоларига таъсир қилади. Ҳаддан ташқари зичлик, шахсий гигиенанинг етишмаслиги ва ҳимояланмаган тери билан тез-тез алоқа қилиш каби омиллар оилавий инфекция эҳтимолини оширади.
Барча ёш гуруҳларида касалланиш тахминан бир хил, аммо трихофития кўпроқ ёш ва мактаб ёшидаги болаларда ташхис қилинади.Касалликка чалинмаслик учун қаровсиз ҳайвонларни уйга олиб кириб, парваришлашдан сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш лозим.