Тошкентнинг Сергели, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида 3 ноябрь тунида ЙТҲлар содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 3 ноябрь куни соат 02:00 ларда Сергели тумани Меҳригиё-Мирзо Турсунзода кўчалари чорраҳасида ҳайдовчи 2001 йилда туғилган Д.У. бошқарувидаги Spark ва 1997 йилда туғилган Л.А. бошқарувидаги Matiz тўқнашган.
Оқибатда Matiz автомашинасининг 2 нафар йўловчиси шифохонага олиб кетилган.
Шунингдек, 3 ноябрь куни соат 01:45 ларда Юнусобод тумани, “Шароф Рашидов” кўчаси, Мустақиллик майдони қаршисида ҳайдовчи 2003 йилда туғилган С.I. Lacetti автомашинасини бошқариб кетаётиб, рул бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги бетон устунга тўқнашган.
ЙТҲ натижасида ҳайдовчи тан жароҳат олган ва шифохонага олиб кетилган.
Бундан ташқари, 3 ноябрь куни соат 01:10 ларда Мирзо Улуғбек тумани, “Қори Ниёзий” кўчаси, 66-уй қаршисида ҳайдовчи 1987 йилда туғилган Д.У. (маст ҳолда) бошқарувидаги Lacetti ва 1994 йилда туғилган С.Х. бошқарувидаги BMW тўқнашган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳат олганлар йўқ.
Барча ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.