• Пн. Дек 2nd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Россияда янги туғилган чақалоқлар ўртасида квартира ва автомобиллар ўйналади


Россия Давлат думасида туғилиш даражасини ошириш учун квартиралар ва автомобиллар иштирокида ютуқли ўйин ўйнаш таклиф этилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.

Фото: globallookpress.com

Таклиф парламент қуйи палатаси вице-спикери Борис Чернишов томонидан илгари сурилган. У лотерея мамлакатдаги демографик вазиятни яхшилашга қаратилишини айтган.

“Гап туғилишни рағбатлантириш мақсадида янги туғилган чақалоқлар учун бутун Россия миқёсида лотерея ўтказиш ҳақида кетмоқда. Масалан, ҳар ой янги туғилган Россия фуқаролари ўртасида 10 та квартира, 100 та автомобиль ва 1000 та уй жиҳозлари тўпламини ўйнаш таклиф этилмоқда”, дейди депутат.

У бундай лотереяларда иштирок этишни ФҲДЁ рўйхатларидан фойдаланган ҳолда автоматик тарзда амалга ошириш мумкинлигини айтди. Тегишли ташаббус Ленинград вилояти ва Хабаровскда аллақачон амалга оширилган.

“Ҳар бир инсонда азарт бор. Ахир ҳар қандай лотереяда озчилик ютади, лекин минглаб одамлар омадларини синаб кўриш истагида мунтазам чипта сотиб олади. Янги туғилган чақалоқлар учун ўтказиладиган ўйинда ҳам худди шундай тамойил мавжуд, фақат бу одамлар, жамият ва мамлакат фойдасига хизмат қилади”, деди Чернишов.

Унинг фикрича, бундай лойиҳанинг амалга оширилиши фарзанд кўришни хоҳловчи оилаларни қўллаб-қувватлашда рағбатлантирувчи омил бўлади ва дастурнинг ўзи туғилиш масалаларига эътиборни жалб қилади.

“Янги туғилган чақалоқлар учун лотерея болали оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли давлат дастурининг бир қисми бўлиши мумкин, бу охир-оқибат Россиядаги демографик вазиятни яхшилашга хизмат қилади”, деди у.

Россия президенти Владимир Путиннинг саккизтадан фарзанд кўришни талаб қилганига қарамай, Россияда туғилиш пасайишда давом этмоқда. “Росстат” маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки олти ойида Россияда 599,6 минг чақалоқ туғилган. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 16,6 мингга кам.

Шу билан бирга, ўтган 12 ой давомида умумий туғилиш коэффициенти 1,442 гача пасайди. Бу 2008 йилдан буён энг паст кўрсаткичдир. Салбий демографик тенденцияни тўхтатиш мақсадида Россия Фанлар академияси “махсус демографик операция” ўтказишга чақирди. У кўп фарзандли оила қуриш учун россияликларни қишлоқларга оммавий кўчиришни назарда тутади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *