• Пн. Дек 2nd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Чехия президенти 60 нафар фуқарога Украина армиясида хизмат қилишга рухсат берди


Чехия президенти Петр Павел 60 нафар фуқарога Украина армияси сафида жанг қилишга рухсат берди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Филипп Платошга таяниб, “Чехия радиоси” хабар берди.

Фото: Reuters

Украина томонида жанг қилишга рухсат сўраб Чехия фуқароларидан жами 181 та ариза келиб тушган. Жанговар ҳаракатларга қонуний равишда қўшилиш учун фуқаролар президентнинг рухсатини олиши керак. Бундай рухсатномасиз Украина томонидан жанг қилаётган фуқаролар Чехияга қайтгач афв этиш тўғрисида ариза бериши мумкин. Шунда уларга нисбатан жиноий таъқиб тўхтатилади ёки бошланмайди. Ҳужжатни Чехия бош вазири ҳам имзолаши керак бўлади.

Мисол учун, 2022 йил 24 февралдан 2023 йил 1 декабрга қадар 553 та ариза, шу жумладан, тўрт нафар аёлдан келиб тушган. Уларни Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги, кейин эса президентлар: аввал Милош Земан, кейин эса унинг ўрнини эгаллаган Пётр Павел кўриб чиққан. Ўшанда 151 та ариза маъқулланган.

Россиянинг Украинага босқини бошланган дастлабки кунларда президент Владимир Зеленский хориждан кўнгиллиларни жалб қилиш учун халқаро мудофаа легиони ташкил этилишини айтганди.

2024 йилнинг март ойида The New York Times газетаси легионда аввалроқ Украина ҳукумати хабар берган 20 минг эмас, балки 1,5 минг киши борлиги ҳақида ёзди. Июль ойида Франциянинг RTL телерадиокомпанияси легионга кирувчи чет элликлар Украина Қуролли кучлари билан шартнома имзолаши, уларга ойига тахминан 500 евро ёки 3 минг евро тўланишини маълум қилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *