Чеченистон раҳбарининг катта қизи Айшат Қодирова “Чеченистон биринчи президенти Аҳмад-Ҳожи Қодиров хотирасига” медали билан тақдирланди. Ушбу мукофот ҳақида маҳаллий “Грозний” телеканали хабар берди.
Қодировага мазкур медал Чеченистон ва босиб олинган Донбасс “ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлагани” учун берилган. Мукофотни унга отаси Рамзан Қодировнинг ўзи топширган. 2023 йилнинг октябрида у 24 ёшли Айшатни Чеченистон ҳукуматининг ижтимоий масалалар бўйича раис ўринбосари лавозимига тайинлаганди.
Бу Қодированинг илк мукофоти эмас. 2024 йил февраль ойида у ўзини ўзи “Донец халқ республикаси” деб атаган ҳудуднинг ордени билан тақдирланганди. Мукофотга изоҳда Қодирова ушбу ҳудудга “гуманитар миссия билан бориб, фронтдаги чечен жангчиларидан хабар олгани ва эҳтиёжманд аҳоли учун ёрдам делегацияларини юборгани” айтилган.
2020 йил март ойида Қодирова “Миллий маданият ва санъат ривожига қўшган ҳиссаси” учун отасидан “Чеченистон олдидаги хизматлари учун” медалини олганди. Шунингдек, Айшат Чеченистон раҳбарининг рафиқаси Медни Қодирова асос солган “Firdaws” мода уйига раҳбарлик қилади.
2020 йил ёзида Айшат Қодирова отасига нисбатан инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан қийноқлар ва судсиз қатл этишлар сабабли жорий қилинган АҚШ санкциялари таъсирига тушганди. 2021 йил декабрь ойида ўша пайтда Чеченистон маданият вазири лавозимида ишлаган Қодирова отасидан “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун” медал олган.