Теҳрондаги Азод ислом университети талабаси ҳижобни нотўғри ўрагани учун таъқиб қилинганидан сўнг, кийимларини ечиб, университет ҳудудида юрди. Бу ҳақда Iran International хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда университетнинг илмий-тадқиқот бўлими ҳовлисида ички кийимдаги қизнинг юргани акс этган видео тарқалди. Бошқа бир видеода бир неча эркак уни автомобилга мажбурлаб ўтқазиб, олиб кетаётгани кўрсатилган. Университет вакили Амир Маҳжубга кўра, талаба қиз ҳибсга олинган ва унинг бундай хатти-ҳаракатлари сабаби аниқланмоқда.
Амир Кабир Newslatter талабалар нашрига кўра, қиз “Басиж” ҳарбийлаштирилган тузилма аъзолари томонидан ҳижобни нотўғри ўрагани учун таъқиб қилинган, улар қизнинг рўмоли ва кийимларини тортган. Шундан сўнг қиз норозилик тариқасида устки кийимларини ечган
Қизни ҳибсга олиш пайтида калтаклашган, жумладан, бошини машина эшигига уришган. Машинанинг шиналарида қон излари кўринган, дейилади хабарда.
Эронда аёллар сочларини рўмол остига яшириб, эркин кийим кийишлари шарт. Апрель ойидан бошлаб Эрон кўчаларида ҳижобни тўғри кийишини назорат қилувчи “Басиж” ходимлари сони сезиларли даражада ошган. Университетлар эса ташқи кўриниши қоидаларга мос келмайдиган талаба қизларни дарсга киритмаслик учун юзни таниш технологиясидан фойдаланмоқда.
Шунга қарамай, Теҳрондаги кўплаб аёллар норозилик белгиси сифатида бошларини очиқ қолдирмоқда. Ҳозирда Эрон парламентида ҳижоб кийиш қоидаларини кучайтирувчи қонун кўриб чиқилмоқда.
Бир марталик қоидабузарлик учун тахминан 50 доллар жарима, такроран бузилган тақдирда эса жарима миқдори 400 долларгача ошади. Эронда ўртача иш ҳақи 200–250 АҚШ долларини ташкил этади.
Эроннинг янги президенти Масъуд Пезешкиён мажбурий ҳижобни қўллаб-қувватламайди, аммо бу масалада — Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий каби ваколатларга эга эмас.