Ўзбекистонда валюта курси ўзгаришининг инфляцияга таъсири ўрганиб борилади. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 31 октябрь куни журналистлар билан мулоқотда маълум қилди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.
Мамаризо Нурмуродовнинг айтишича, Марказий банк валюта курси бўйича прогноз бермайди.
“Лекин валюта курси ўзгаришининг инфляцияга таъсирини, албатта, ўрганганмиз. Охирги ҳисоб–китобларга кўра, валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3–0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин”, деди регулятор раҳбари.
Мамаризо Нурмуродов 2023 йил июлда журналистлар билан мулоқотда сўм йилига қай даражада қадрсизланаётганини айтганди.
“Тўрт йилдан ортиқ вақт давомида миллий валютамиз йилига ўртача 6–7 фоизга қадрсизланяпти. Бу билан инфляция 10 фоиздан юқори бўлаётган шароитда валюта қадрсизланиб кетяпти, дейишга ҳеч қандай асос йўқ”, деган” Марказий банк расмийси.
Таҳлилларга кўра, 2023 йил бошидан 2024 йил июнигача бўлган даврда ички валюта бозорида сўм АҚШ долларига нисбатан тахминан 12 фоизга қадрсизланган.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари таҳлилига кўра, мамлакатда уч асосий омил валюта алмашув курси ўзгаришига таъсир кўрсатмоқда. Улар — номинал курс суммаси ўзгариши, Ўзбекистон ва савдо ҳамкорларида нархлар даражаси турлича шаклланиши ҳамда республика ташқи савдо айланмасида ҳамкор мамлакатлар улуши кўп бўлиши билан боғлиқ.