Ўзбекистонда ўтган ҳафтадаги асосан илиқ кунлардан сўнг, 4−10 ноябрь кунлари булутли ва беқарор совуқ об-ҳаво ҳукмронлик қилиши кутилмоқда.
Хусусан, Волгабўйи ҳудудларидан Каспий денгизи орқали кириб келиши кутилаётган нам ҳаво оқимлари 5−6 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида кучли ёғингарчиликлар бўлишини таъминлайди. 7 ноябрдан эса антициклон чеккаси таъсирида тунги ҳаво ҳарорати мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида қарийб ой ўрталарига қадар ноль даража атрофида бўлади.
Совуқ ҳавонинг шимоли-ғарбдан кириб келиши 4 ноябрдан 7 ноябрга қадар республикада ғарбдан шарққа ҳаракатланувчи бир нечта нам ҳаво оқимлари таъсиридан вақти-вақти билан ёғингарчилик бўлишига олиб келади. Асосий ёғинлар Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилояти ҳудудларида кузатилади.
7 ноябрь куни Фарғона водийси орқали чиқиб кетиши кутилаётган сўнгги нам ҳаво оқими ўрнини антициклон чеккаси эгаллайди. Бу каби жараён ҳудудларга қуруқ, совуқроқ об-ҳаво муҳитини улашади. Республика шимоли 6 ноябрь кунининг ўзида унинг таъсирига тушади.
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, 4 октябрда бир вақтнинг ўзида республикнинг шимолида +13 даража, жанубида эса қарийиб +30 даража иссиқ ҳарорат кузатилади. Шимол ва жанубда ҳароратнинг бу даражада фарқланиши республикага совуқ нам ҳаво оқимларининг кириб келаётганидан далолат.
Душанба куни кундузи Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида, кечга томон Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ёғингарчилик кутилади. Сурхондарё ва водий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди.
Ҳарорат тунда шимолда +5…+10 даража, жанубда +11…+16 даража оралиғида, кундузи — шимолий ва жанубий вилоятлардан ташқари — ҳудудларда +20…+25 даража иссиқ бўлади. Ҳаво оқимлари ўрин алмашинаётгани боис, чўл ва жануб ҳудудларда кучли шамол ва чанг тўзонлари кўтарилиши мумкин.
Синоптиклар республика ҳудудлари 5−7 ноябрь кунлари ҳам нам ва совуқ ҳаво оқимлари таъсирида бўлишинимаълум қилган. Шимолда 6 ноябрдан, бошқа ҳудудларда 7 ноябрдан ҳароратнинг кундузи ҳам, тунда ҳам кескин пасайиб кетиши прогноз қилинган. Масалан, 6−7 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати кундузи +5…+10 даража бўлгани ҳолда, тунда +3 даража илиқдан -2 даража совуққача пасаяди.
5 ноябрь кунлари республиканинг катта қисмида иссиқроқ, баҳорий ҳарорат сақланса-да, 7 ноябрдан республика антициклон чеккаси таъсирига тушади. Шу куни мамлакатнинг жанубий вилоятлардан ташқари бошқа ҳудудларида ҳаво ҳарорати +12 даражадан юқорига кўтарилмайди. Ҳафта ўртасига келиб жанубий вилоятларда ҳам ҳарорат ҳафта бошидагига нисбатан қарийиб 15 даражагача пасайиб кетади.
Сешанба-пайшанба оралиғида Ўзбекистонда асосан булутли ҳаво, вақти-вақти билан ёғингарчиликлар, 6 ноябрь куни тезлиги секундига 20 метр кучга эга давомли фронтолди шамоллар кузатилиши, жойларда чанг массалари кўтарилиши мумкин. Аҳоли бу кунлари ҳақиқий куз об-ҳавосига гувоҳ бўлади. 5−6 ноябрь кунлари Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. Баъзи прогнозларда 5 ноябрь куни мамлакат марказида ёғинлар ҳатто чақмоқ-момақалдироқ хусусиятли бўлиши мумкинлиги ҳам келтирилган.
Жума ва дам олиш кунлари республика ҳудудларидаги об-ҳавони антициклон чеккаси белгилайди. Бу оқим кундузи ҳароратни ҳафта ўртасидагига нисбатан бироз юқори бўлишини таъминласа-да, тунда қарийб ноль даража атрофида бўлиши сақланади. Шу кунларда кундузи ҳаво ҳарорати шимолда +8 даража, республиканинг бошқа ҳудудларида +14 даража, жанубда эса +17 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
Ҳафта давомида келаётган нам ҳаво оқимларидан у даражада кўп ёғингарчилик кутилмайди. Масалан, баъзи иқлим моделларига кўра, 4−10 ноябрь оралиғида республиканинг текислик ҳудудларида умумий ёғингарчилик миқдори 5−25 мм гача, водий маркази, шарқи ва Тошкент вилоятида 25−45 мм гача, тоғларда эса 80 мм гача бўлиши прогноз қилинган. Шимол ва чўл ҳудудларида эса, одатдагидек, у қадар катта ёғингарчилик кутилмалари мавжуд эмас.
Нам ҳаво оқимлари кириб келиши кутилаётган 4 ва 6 ноябрь кунлари чўлларда ва жанубий вилоятларда кучли шамоллар кузатилиши мумкин. Шамоллар тезлиги у қадар юқори хавф-хатар келтириб чиқарувчи кучга эга бўлмайди, аммо давомли бўлиши ҳисобга олинса, ҳудудларда чанг тўзонлар ортиши мумкин. Аммо унинг ортидан кутилажак ёғинлар чангни тез босиш хусусиятига эга.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
4−7 ноябрь кунлари Ўзбекистон аҳолиси циклонал омил таъсирига тушади. Марказида атмосфера босими 1000 гПагача пасаювчи бу сафарги циклонал таъсир айнан мана шу омил таъсиридан безовталанадиган кишилар учун сезиларди қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин. Циклонал об-ҳаво муҳитини инсон организмига таъсирини камайтиришда аввалги материалларда берилган тавсияларга амал қилиш мумкин.
Бундан ташқари, ҳафта боши ва ўрталарида Ўзбекистоннинг катта қисмида аҳоли булутли об-ҳаво таъсирида организмда серотонин гормони етишмаслигини бошидан кечириши мумкин. Серотонин етишмаслиги, одатда, қуйидаги симптомлар билан намоён бўлади: депрессия, ташвиш, уйқусизлик, иштаҳа ўзгариши, тез чарчаш, умумий ланжлик, когнитив функция бузилиши (эътибор қаратиш қобилияти пасайиши).
Тавсиялар. Серотонин гормони етишмаслиги олдини олиш учун овқатланиш рационига тухум, ёнғоқ, гўшт маҳсулотлари ва лосось балиғи қўшиш керак. Мунтазам жисмоний машқлар ҳам серотонинни оширади. Энг асосий тавсия — офтоб булутлар орасидан «мўралаган» вақтларда имкон қадар унинг тафтидан баҳра олишга интилиш керак. Шунингдек, шифокор маслаҳати билан серотонинни кўпайтирувчи витаминлар ичиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
8−10 ноябрь кунлари антициклон омили одамларнинг ички қон босимига таъсир қилиши мумкин. Аммо кутилаётган антициклонал жараён саломатликка жиддий зарар кўрсатадиган кучга эга эмас. Кўрсатилган саналарда ўз танида антициклон таъсирини сезган — ҳолсизлик ҳис қилган ёки қон босими ўзгарган кишилар шифокор кўрсатмаси асосида аввалги матераллардаги тавсияларга амал қилиши фойдадан холи бўлмайди.
Бу давр оралиғида Фарғона водийси каби аҳолиси зич ҳудудларда ҳаво ҳароратинг пасайиши туман, ғубор каби табиат ҳодисаларининг сонини ошириб, ёш болалар орасида турли мавсумий касалликларни кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.
4 ва 6 ноябрь кунлари ҳудудларга навбатдаги нам ҳаво оқимларининг кириб келиши жараёнида атмосфера босимининг кескин ўзгариши, «барик тубсизлик» ҳодисаси рўй бериши мумкин. Бунда қон босимининг ўзгаришидан азият чекувчи кишилар ўзларини эҳтиёт қилишлари лозим. «Барик тубсизлик»нинг энг кўп учрайдиган аломатлари — бош айланиши, бош оғриғи, фотофобия, ҳаво етишмаслиги, кўнгил айниши ва қон босимининг кўтарилиши ёки пасайишидир. Кўрсатилган саналарда мия қон оқимининг бузилиши, гипертония, юрак хуружи хавфи ортиши мумкин.
Тавсиялар. «Барик тубсизлик» ҳолатида оқилона иш ва дам олиш режимига риоя қилиш, стрессли ва ортиқча жисмоний фаолиятдан қочиш, уйқу режимига риоя қилиш тавсия этилади. Қаҳва, чой ва шакарли ичимликлардан кўра тоза газсиз сув, умуман, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш муҳим.
Қисқача айтганда, жорий ҳафта бошидаги об-ҳаво ўзгаришлари бундай ўзгаришларга мойил кишилар саломатлигига бироз хавф туғдириши мумкин.
Биоиқлимий шароитлар
Шимолий ҳудудлардан бошқа жойлардаги аҳоли душанба куни кундузи нисбатан енгил кийимлар кийиб юра олса-да, кейинги кунларда бундай қила олмайди. Сешанбадан бироз қалинроқ, пайшанбадан эса қалин кийимлар кийишга ўтилади. Ҳафта ўртасидан тунда ва тонгда ҳароратнинг +5 даражадан ҳам тушиб кетиши ҳатто бош кийим кийишга ундайди. Бундай об-ҳаво муҳити дам олиш кунлари ҳам деярли ўзгармайди, фақат кундузи ҳафта ўртасига нисбатан бироз енгилроқ кийим кийиш мумкин бўлар. Аммо тунда барибир қалин кийинишга тўғри келади.
Тошкентда 7 ноябрдан бошлаб кўп қаватли хонадонлар ва ижтимоий объектларга иссиқлик таъминотига старт берилиши лозим. Чунки айнан шу кунидан бошлаб, антициклон чеккаси ва бошқа ҳаво оқимлари пойтахтни камида 6 кун орқама-кетин ўртача ҳароратнинг +8 даражадан паст бўлишини таъминлайди. Берилган ахборотга кўра, иссиқлик таъминотига масъул Veolia Energy Tashkent компанияси куз-қуш мавсуми учун иссиқлик таъминотини етказиб беришга шай.
Кузги сайр-саёҳатларни хуш кўрувчилар учун жорий ҳафта айни муддао — йирик шаҳарларда дарахтлар олтин рангларга бурканиб, булутли ва қуёшли манзара билан бирга кўпчиликка эстетик завқ улашади. Ҳафта ўрталарида эса қор ёғишини кузатиш учун тоғларга чиқиш мумкин.
Космик таъсирлар
2−3 ноябрь кунлари Қуёш сиртидаги бир нечта М синфли чақнашдан ажралиб чиққан қуёш плазмалар Ерда 4−5 ноябрь кунлари 3−4 баллик магнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин.
Қозоғистондаги Ионосфера институтининг жорий ҳафта иш кунлари учун тақдим этган геомагнит бўрони прогнозига кўра, бу ҳафта аҳоли кучли геомагнит бўронларидан безовталанмайди, фақат душанба ва сешанба кунлари магнит бўрони бироз қўзғалиши билан боғлиқ «сариқ» хавфга эга. Аммо бу қўзғалиш ҳам аҳоли саломатлигига катта хавф туғдирмайди.
Бу каби прогнозларнинг ўзини оқлаш даражаси анча пастлигича қолмоқда. Қуёш ўзининг ҳар 11 йилликдаги энг фаол чақнашлари даврида турибди. Қуёшда тўсатдан Х ва М синфли чақнашлар сони кузатилиши билан унинг коронал массасини Қуёш шамоллари орқали Ернинг юқори атмосферасига 2−3 суткада етиб келишига ва сайёрада «кучли», «жуда кучли» ва ҳатто «экстремал» геомагнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирда магнит бўронларини икки кундан ортиқ сана учун ишончли прогноз қиладиган ечимлар мавжуд эмас.
Тавсиялар. Магнит бўронига таъсирчан аҳоли қатлами бўрон вақти жисмоний зўриқишлардан қочиши, кўпроқ дам олиши, кўп овқатланмаслиги, спиртли ичимликлардан тийилиши мақсадга мувофиқ. Шифокорлар бундай пайтда кўпроқ сув ичишни ҳам тавсия этади.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Ҳафта ўрталарига қадар кузатиладиган ёмғирли об-ҳаво муҳити ҳавода майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон қолдирмайди. Фақат душанба куни ҳароратнинг юқори кўтарилишида пастдан юқорига кўтарилувчи куч ҳисобига ҳамда жума-шанба кунлари антициклонал жараён фонида қуёш чиқиш арафасида ҳавода, инверсия ҳодисаси сабаб, хиралик ортиши ва ифлосланиш рўй бериши мумкин. Лекин бу ифлосланишлар, катта эҳтимол билан, хавфли даражаларга эга бўлмайди. Бу каби прогнозлар атмосферанинг табиий ифлосланиши ҳисобланиб, жойларда антропоген ифлосаланишлар аҳоли, идора ва ташкилотларнинг хатти-ҳаракатига боғлиқ.
Чўлларда ва жанубий вилоятларда эса душанба куни фронтолди шамоллари чанг тўзонларни келтириб чиқариши ва ҳавода айнан чанг омили ҳисобига кучли ифлосланиш юз бериши мумкин. Бундай пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Шундай қилиб, жорий ҳафта об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар жума ва шанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини анча енгил ҳис қилади.