Перулик 35 ёшли ҳимоячи Хосе Уго Де ла Круз Меза футбол ўйини вақти яшин уриши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.
Воқеа “Хувентуд Беллависта” ва “Фамилиа Чокка” клублари ўртасидаги Уанкаё шаҳрида бўлиб ўтган учрашувнинг 23-дақиқасида содир бўлган. Ҳар иккала жамоа футболчилари бўрон туфайли майдонни тарк этган, ҳимоячи дарвозабон билан ёнма-ён турганида яшин урган.
Таъкидланишича, футболчилар зудлик билан касалхонага ётқизилган, бироқ Де ла Круз Мезани сақлаб қолиш имкони бўлмаган. Ҳимоячининг ёнида турган дарвозабон эса қаттиқ куйиш жароҳати олган, аммо тирик қолган.
Февраль ойида Индонезияда “Персикас Субанга” клубининг футболчисини ўйин пайти чақмоқ урганди. Жароҳат олган 30 ёшли футболчи касалхонада вафот этганди.