• Пн. Дек 2nd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Бизни бирлаштирган тоғлар» кўргазмасидан репортаж – Dunyouzbeklari.Com


Тошкент Фотосуратлар уйида 31 октябрь куни рассомлар Жаҳонгир Абдуллаев, Темур Лашёнов, Зуҳриддин Қиёмов ва Бобур Ваҳобжоновнинг «Бизни бирлаштирган тоғлар» номли умумий кўргазмаси очилди, дея хабар бермоқда «Dunyouzbeklari.Com» мухбири.

Учала рассом ҳам Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари ва Ўзбекистон Бадиий академияси стажёрлари ҳисобланади. Бадиий академия ҳар йили рассомларни Қирғизистонда 2011 йилдан бери ўтказиладиган «Шарқнинг қуёшли ранглари» халқаро плэнерига юборади. 2023 йили борган рассомлар Иссиқкўлда ижод қилган бўлса, 2025 йилда Жалолобод манзаралари суратга солиниши кутиляпти. 2024 йилда эса ўзбекистонлик уч рассом Норин тоғларида ижод қилди.

Рассомлар бир неча суратни Қирғизистондаёқ чизиб бўлиб, мезбонларга совға қилиб қолдирган. Қораламаларининг аксарияти Ўзбекистонда, Бадиий академия қошидаги устахонада ишланган. Айрим картиналарни битиришга икки-уч кун вақт кетган бўлса, баъзилари ярим ойда тайёр бўлган. Ҳар бир рассом 20 га яқин сурат солган бўлиб, Тошкент Фотосуратлар уйида уларнинг еттитадан ишлари кўргазмага қўйилди.

«Қирғизистонда табиат Аллоҳ томонидан қандай яратилган бўлса, уни шундайлигича сақлашга ҳаракат қилинган», — дейди рассом Бобур Ваҳобжонов. Унинг айтишича, у ерда дуч келган жойда дала-ҳовли, ўйингоҳ ё сайилгоҳларни кўрмайсан.

«Қирғизистондаги гўзалликни кўриб, одамнинг ғайрати жўшади. Эътибор берган бўлсангиз, баъзи расмларда композицион тарзда бироз бўрттириб, бадиийлик кўпайтирилган. Рассом табиатни кўчиришга эмас, табиатга ўзининг муносабатини кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. Буни уддалай олган бўлсак, жудаям хурсандмиз», — дея қўшимча қилди у.

Рассом Зуҳриддин Қиёмовнинг суратлари фақат тоғлар билан чекланмайди — унда Қирғизистондаги мақбараларни ҳам кўриш мумкин. Унинг айтишича, тоғларда тасвирлаш, матога тушириш мумкин бўлган нуқталар, деталлар кўп.

«Қай бирини чизишни билмай, ҳеч нарса қилмай, ортга қайтган пайтларим ҳам бўлган. Бораман, қаерда, қандай жой экан, деб синчковлик билан кузатаман. Бу ерда чизгим келади, у ерда чизгим келади, ҳамма жой ёқаверади, лекин ҳеч кимникига ўхшамайдиган, ажралиб турадиган иш қилиш учун кўп ўйланишимга тўғри келди. Ўйлайманки, асарларим ташрифчиларга ёқади», — дейди.

Жаҳонгир Абдуллаев иш жараёнида об-ҳавонинг тез ўзгариши — эрталаб иссиқ, тушдан кейин эса қишдаги каби совуқ бўлиши — ижодкорларни бироз қийнаганини таъкидлади. Сўнгкўлда сув бўйида расм чизиш вақти кучли шамол ва совуқ бўлгани боис, эскизларини шамол учириб кетмаслиги учун бир рассом чизаётганида, бошқаси унинг анжомларини ушлаб турган.

Унинг қўшимча қилишича, кўргазмадан кўзланган мақсад нафақат Қирғизистон тоғларининг чиройини кўрсатиш, балки табиатни асрашга ундаш ҳамдир. «Одамзод гўзалликни қанчалик кўп кўрса ва ёқтирса, уни асрашга ҳам шунчалик кўп ҳаракат қилади», — дейди рассом Жаҳонгир Абдуллаев.

Кўргазма 4 ноябрь куни ёпилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *