• Пн. Дек 2nd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«3 марта чақириб, огоҳлантирганмиз». Марказий банк — UPay фаолияти чеклангани ҳақида



Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 31 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида UPay тўлов ташкилоти савдо белгисига эгалик қилувчи, Humans компаниясининг шуъба корхонаси ҳисобланган «Мароқанд» АЖ фаолияти олти ой муддатга чекланганига изоҳ берди.

«„Мароқанд“ — тўлов ташкилоти. Humans эса ўша тўлов ташкилотининг тўлов агенти. Биз „Мароқанд“ тўлов ташкилотини ноқонуний операциялар билан шуғулланаётганлик борасида 3 марта банк қўмитасига чақириб огоҳлантирганмиз. Биз тўлов ташкилотининг агентини огоҳлантирмаймиз, биз тўлов ташкилотини огоҳлантирамиз», — деди Марказий банк раиси.

Мамаризо Нурмуратов корхона фаолияти қимор ўйинлари билан боғлиқ операциялар туфайли чекланганини яна бир бор таъкидлади.

«Биз очиқ айтдик, бу қимор ўйинлари билан боғлиқ. Аҳолининг пулини шу нарсага, букмекерлик конторалари ва бошқаларга ўтказиб бериш билан шуғулланди. Шунинг учун ҳам биз олти ойга тўхтатдик. Мен ҳам ўқидим, кимдир „бизни хабардор қилмади, бошқа“, дебди. Биз асосий айбдорни хабардор қилдик. Регламентимиздан чиққан ташкилотни 3 марта чақириб, муҳокамасини қилиб, огоҳлантирганмиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, регулятор UPay бўйича баёнотида қарор учун асос сифатида тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлари) учун тўловларни амалга оширишга йўл қўйиб келганликни келтирганди.

Бироқ Humans регуляторнинг хатти-ҳаракатларини қонун ҳужжатлари меъёрларини бузган ҳолда амалга оширилган, шунингдек, «бозорни адолатли тартибга солиш тамойилларига зид ва бизнес юритиш учун жиддий тўсиқларни юзага келтирмоқда», деб ҳисоблашини маълум қилганди.

Компания Марказий банк ўтказилган амалиётлар бўйича ҳеч қандай маълумот сўрамагани ва «Мароқанд»нинг ҳуқуқбузарликларини кўрсатмасдан қарор қабул қилганини қайд этган. «Чекловлар сабаби ўйинлар билан боғлиқ амалиётлар эканлигини биз бугун ОАВдаги хабарлардан билдик», — дейилади компания хабарида.

«Бундай ноқонуний ҳаракатлар адолатли тартибга солиш тамойилларига путур етказади ва молия сектори барқарорлиги ҳамда мамлакатнинг сармоявий жозибадорлигига жиддий хавфларни туғдиради. Ҳозирги пайтда Humans жамоаси ва „Мароқанд“ АЖ сервисни тиклаш учун янги техник ечим устида фаол иш олиб бормоқда», — дея таъкидлаганди ўшанда Humans Companies [«Мароқанд»нинг ягона таъсисчиси] директори Владимир Добринин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *