Ўзбекистонда тадбиркорликни ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун жарима бекор қилинмоқда. Президентга тадбиркорлар ҳимоясига оид таклифлар тақдим этилди.
Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашида айтилган муаммо ва фикрлар асосида тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, текширувларни тартибга солишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Унга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб битта ҳуқуқбузарлик учун битта жавобгарлик чорасини белгилаш назарда тутилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинмоқда.
Шунингдек, рақамли маркировкалаш қоидаларини ҳамда фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш, ходимлар сонини яшириш учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.
Низолар ҳал қилинишини енгиллиштириш мақсадида 2025 йил 1 мартдан судда иш юритиш тарафлар келишуви билан тугатилганда давлат божининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби жорий этилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб, текширувлар «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими доирасида тадбиркорларни 3 та тоифага ажратган ҳолда ўтказилади.
Тақдимотда, шунигдек, тадбиркорлар фаолиятида ноқонуний текширувларнинг олдини олиш, назорат органларининг текширувчи ходимлари малакасини ошириш бўйича ҳам фикрлар билдирилди. Давлат раҳбари бу чораларни ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш, амалиётда адолатли қўлланишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.