• Пн. Дек 2nd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишини олдини олиш бўйича тезкор чоралар кўриш зарур  — Дарё Янгиликлари


Сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ёмонлашиб бораётгани барчани бирдек хавотирга солмоқда. Жумладан, куни кеча Ҳаво сифати индекси (АҚИ) бўйича жаҳон рейтингида пойтахтимиз яна дунёдаги ҳавоси ёмонлашган шаҳарлар рўйхатида қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, йирик шаҳарларимизда атмосфера ҳавосининг ёмонлашувида энг кўп зарарли ташламалар турғун манбалар ва транспорт воситаларининг улуши юқори ҳисобланади. 

Шу ўринда айтиш керакки, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажмларини ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. 

Бугунги кунда Тошкент шаҳри атрофида 1314 гектар майдонда 631 та иссиқхона фаолият юритаётгани, уларнинг 60 фоизи кўмирдан, баъзан эса резина шиналар ва бошқа ёнувчи воситалардан фойдаланаётганини инобатга олсак, шаҳар ҳавосининг ёмонлашувида иссиқхоналарнинг ҳам зарари катта, дейиш мумкин. 

Шунингдек, ҳавонинг ифлосланишига кўплаб саноат корхоналарида ускуналарнинг маънан эскиргани ва аксарият корхоналар замонавий филтрлар ўрнатиш ишлари етарли даражада амалга оширилмаётганлиги сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси атмосфера ҳавоси ифлосланишига оид ҳар қандай ҳолатдан хавотирда эканини билдиради ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан бу муаммога қарши тезкор чоралар кўриш зарурлигини таъкидлайди ва белгиланган тартибда депутатлик сўровини киритади. 

Партиямизнинг Сайловолди дастурида саноат корхоналари, транспорт воситалари, умуман, атмосфера ҳавосини ифлослаётган барча манбаларни ҳисобга олган ҳолда, 2030 йилга қадар иссиқхона газлари эмиссиясини 65 фоизга қисқартириш, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 2 баробарга камайтириш, жамоат транспортини электробуслар ҳисобидан ривожлантириш мақсадини қўйганмиз.

Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар ҳавоси ифлосланиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун тизимли равишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *