Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги электр тармоқлари бошқарувига хусусий операторларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни электр энергетикаси соҳасини трансформация қилиш, ҳудудлардаги электр тармоқлари бошқарувига хусусий операторларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда ҳар бир энергетика корхонасининг биринчи галдаги вазифаси таннархни камайтириш экани таъкидланди. Бунга лойиҳаларни мақбуллаштириш, йўқотишларни камайтириш ва харидларни такомиллаштириш орқали эришиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Тақсимлаш тармоқларини хусусий шериклик асосида инвесторларга бериб, уларни модернизация қилишга 4 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мумкин. Шу мақсадда келгуси йилда Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёдаги тармоқлар бошқарувига хусусий операторларни жалб этиш режалаштирилмоқда.
Келгуси йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлиши қатъий белгиланди. Тармоқ компанияларини қуйи бўғингача трансформация қилиш ва рақамлаштириш вазифаси қўйилди.
Мутасаддилар ушбу корхоналарда харажатларни самарали бошқариш бўйича режаларини баён қилди.