Қорақалпоғистон ва Хоразм, Наманган вилоятларида кўмир таъминотидаги талон-торожликлар фош этилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Ташкилотнинг Наманган бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Наманган шаҳри кўмир омбори масъул шахслари ушланди. Улар куз-қиш мавсумида имтиёзли нархларда аҳолига етказиб бериш учун ажратилган умумий баҳоси 4,1 миллиард сўмлик жами 13,3 минг тонна кўмирни бошқа шахсларга сотиб юборган.
Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Боғот тумани кўмир омбори кассири С.К., ҳайдовчиси Э.О. ва омбор қоровули К.М. қўлга олинган. Аниқланишича, улар умумий баҳоси 85,5 млн сўмлик 276 тонна кўмирни омбордан яширинча олиб чиқиб, шундан 900 килограммини фуқаро М.Х.га 1 миллион сўмга сотган. Шунингдек, ушбу омборда 345,8 тонна кўмир камомади кузатилган.
Қорақалпоғистонда ўтказилган терговга қадар текширувда «И.Т.С.» МЧЖ масъул шахслари Тахтакўпир ва Шуманай туманларидаги ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида кўмир харид қилиш учун бюджетдан ажратилган 1,4 миллиард сўм маблағнинг 340,8 миллион сўмини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.