Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура департаменти Қашқадарё, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида адвокатларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Жумладан, жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани судида кўрилаётган жиноят ишидаги айбланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам беришни айтган адвокати Д.А. ушланди. У суд тизимида танишлари борлигини айтиб, хизмати эвазига 4 минг доллар олган.

Кармана туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Навоий шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмаси адвокати Х.А. қўлга олинди. У жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан мансабдор танишлари орқали енгил жазо тайинлатиб, уни озодликка чиқартириб бериш эвазига 20 миллион сўм ва 500 доллар олган.

Вобкент туманида кузатилган ҳолатда маҳаллий адвокатлик бюроси адвокати Н.Ғ. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилган фуқарога нисбатан мазкур туман судининг 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш бўйича чиқарган ҳукмини ўзининг мансабдор танишлари орқали 1 йил 2 ой муддатда якунлатиб бериш эвазига 1200 доллар олган вақтида ушланган.

Қарши шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмасининг муқаддам судланган адвокати Б.А. ҳам фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судда кўриб чиқилаётган эр-хотин ўртасидаги никоҳни ваколатли танишлари орқали бекор қилдириб бериш эвазига 1100 доллар олган.

Ширин шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмаси адвокати Б.Қ. айбланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида суд органларидаги мансабдор танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 800 доллар ва 2,5 миллион сўм олган вақтида қўлга тушган.

Ҳозирда мазкур адвокатларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.