Нью-Йорк маъмурияти шаҳар аҳолисига кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтишга (jaywalking) расман рухсат берди, деб ёзади New York Times ва AP.
Қонун ўтган ой шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган ва Нью-Йорк мери Эрик Адамс 30 кун давомида унга ҳеч қандай муносабат билдирмагани (имзоламагани ё вето қўймагани)дан кейин ўтган ҳафта охирида автоматик равишда кучга кирди.
«Келинг, реалист бўлайлик, ҳар бир Нью-Йорк фуқароси кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтади. Одамлар шунчаки ўзларига керакли жойга боришга ҳаракат қилмоқда», — деди қонун лойиҳаси ташаббускори, шаҳар кенгаши аъзоси Мерседес Нарcисс.
Янги қонун пиёдаларга йўлни исталган жойдан, жумладан, ўтиш жойлари атрофидан, шунингдек, қизил чироқда ҳам кесиб ўтишга рухсат беради. Шу билан бирга, пиёдалар йўлнинг ҳаракат қисмида устунликка эга эмаслиги ва улар бошқа транспорт воситаларини ўтказиб юбориши шартлиги белгилаб қўйилган.
1958 йилдан бери Нью-Йоркда белгиланмаган жойдан ўтиш тақиқи амал қилади ва 250 долларгача жаримага сабаб бўлади. NYT’нинг қайд этишича, жарималар асосан қора танлилар ва лотин америкасиликларга берилган. Бу қоидабузарликлар учун жаримага тортилган 463 кишининг 90 фоиздан ортиғи қора танли ёки лотин америкасилик бўлган. Полиция, шунингдек, қоидабузарликдан аҳолини, айниқса, ранглиларни тўхтатиш, сўроқ қилиш ва қидириш учун баҳона сифатида фойдаланган.
Янги қонун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ирқий тафовутларга барҳам беради, деди Нарcисс. «Кундалик ҳаётда оддий хатти-ҳаракатларни жазолайдиган қонунлар мавжуд бўлмаслиги керак, айниқса, улар рангли жамоаларга адолатсиз таъсир қилганда», — деди у.
Нарcисс, шунингдек, нью-йоркликлар жиноятдан хавотирда бўлган пайтда полиция белгиланмаган жойдан ўтаётган пиёдаларга вақт сарфламаслиги кераклигини қўшимча қилди. «Ушбу жарималарни бекор қилиш орқали биз зобитларимизга ҳақиқатан ҳам муҳим масалаларга эътибор қаратиш имконини берамиз», — деди у.
Ташаббус нью-йорклик кам таъминланганларга бепул юридик хизматлар кўрсатувчи Legal Aid Society нотижорат ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланди. У қонунни қабул қилиш вақти аллақачон етиб келганини таъкидлади ва шаҳар кенгашини «жамоат хавфсизлиги мақсадларига хизмат қилмайдиган ва одамларни фақат жиноий-ҳуқуқий тизимга тортадиган эскирган қонунларни бекор қилишни давом эттиришга» чақирди.
Бироқ Нью-Йорк мэрияси белгиланмаган жойдан ўтиш жуда хавфли эканини эслатди. «Ҳамма йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилганда, барча йўл ҳаракати қатнашчилари хавфсизроқ бўлади. Биз пиёдаларни мавжуд хавфсизлик механизмлари — кундузги ёритиш, пиёдалар оролларидан фойдаланишга ва пиёдалар ўтиш жойларидан рухсат берувчи сигнал вақтида ўтишга ундашда давом этамиз», — деди шаҳар мэри матбуот котиби Лиз Гарсия.
Сўнгги йилларда АҚШнинг бошқа: Миссури, Калифорния, Невада ва Виржиния штатларида ҳам белгиланмаган жойдан ўтиш декриминаллаштирилди.