Украина Жаҳон банки билан қарийб 600 миллион долларлик шартномалар имзолади, улар янги молиявий ёрдам дастури доирасида ажратилади.
Бу ҳақда Украина бош вазири Денис Шмигаль Telegram’даги саҳифасида хабар берди.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, дастурнинг бошланиши апрель ойида Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувларда келишилган. Бугун, 4 ноябрь куни Украина Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари Жаҳон банки билан тегишли келишувларни имзолади.
Бу кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, “яшил энергия”га ўтиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, рақамлаштириш ва янги бозорларга чиқишни осонлаштиришга қаратилган “Барқарор, инклюзив ва экологик мувозанатлаштирилган тадбиркорлик” бўйича янги лойиҳа экани баёнотда айтилган.
Қайд этилишича, лойиҳа 2027 йилгача мўлжалланган бўлиб, дастурнинг умумий режалаштирилган ҳажми 1-миллиард доллардан ортиқни ташкил этади.