Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев аёлларни кўпроқ фарзанд кўришга чақирди. У икки нафар бола билан чегараланиб қолмасликни сўради. Бу ҳақда “Кактус.медиа” хабар берди.
Ташиевнинг сўзларига кўра, кўп болали оилалар мамлакат келажаги учун асосдир. Шу сабабли қирғизистонлик аёллар беш-ўн нафар болани дунёга келтириши керак.
Биз кўп фарзандли бўлишимиз лозим. Аёллар, ёш келинлар бунга алоҳида эътибор қаратиши керак. Фақат шундагина Қирғизистон тараққий этиши мумкин. Давлат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бевосита аҳоли сони билан боғлиқ. Агар аҳоли кўпаймаса, хавфсизликни таъминлаш мураккаб вазифага айланади. Ҳозирги кунда дунёда улкан ўзгаришлар содир бўлмоқда ва қўшни давлатлар аҳоли сони жиҳатидан биздан ўзиб кетмоқда. Биз бу масалага жиддий ёндашишимиз шарт, деб таъкидлади Ташиев.
У давлат туғилиш даражасини ошириш учун зарур шароитлар яратишга тайёрлигини айтди. Булар қаторига боғча, мактаб ва бошқа ижтимоий объектлар қурилишини киритди.
Бундан ташқари, Ташиев баланд тоғли ҳудудлар аҳолиси учун оналик капиталини жорий этиш бўйича ҳукумат режасини маълум қилди. Мамлакатнинг айрим вилоятларида тўртинчи фарзанд учун 100 минг сом, бешинчиси учун 600 минг сом, еттинчиси учун эса бир миллион сом тўланиши кўзда тутилган.
Саккизинчи ва тўққизинчи фарзанд учун 1,5 миллион сом, ўнинчиси учун эса 2 миллион сом миқдорида тўлов белгиланади. Бу чоралар ҳаёт яхшилиги туфайли эмас, балки заруриятдан келиб чиқиб кўрилмоқда. Бутун Норин вилояти баланд тоғли ҳудудда жойлашган ва мен яқин йиллар ичида вилоят аҳолиси сезиларли даражада кўпайишига умид қиламан. Кўпчилик сўзларимни ҳазил деб қабул қилмоқда, аммо ундай эмас. Бу жуда жиддий давлат дастуридир. Бизнинг мақсадимиз — аҳоли сонини иложи борича тезроқ 10, 15, 20 миллион кишига етказишдир. Шунда мамлакатимиз келажаги учун хавотирланишга ўрин қолмайди, дея хулоса қилди Қирғизистон МХҚ раиси.
Бу каби чақириқ Ташиев томонидан биринчи марта эълон қилинмаяпти. У октябрь ойида Ўшда болалар боғчаси очилишида ДХХ ходимларининг хотинларини беш-олти нафардан бола туғишга чақирганди.