Шимолий Корея қўшинлари Япон денгизи йўналишида бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталарни учирди, деб хабар берди 5 ноябрь куни Kyodo Япония Мудофаа вазирлигига таяниб.

Маълумотлариа кўра, КХДР тонг соат 7:30 дан 7:39 гача камида еттита ракета учирган. Улар 100 километр баландликка кўтарилган, парвоз масофаси 400 километрни ташкил этган, дея маълум қилди вазирлик. Ракеталар Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасидан ташқарига — Корея яриморолининг шарқий қирғоғи атрофидаги сувларга тушди. Жанубий Корея ҳарбийлари ракеталар денгизга тушганини маълум қилди.

Япония, АҚШ, шунингдек, «Катта еттилик» мамлакатлари расмийлари буни қоралади. Япония ҳукумати бу «ҳаракатлар Япония, минтақа ва халқаро ҳамжамиятнинг тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солади», шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюцияларини бузади, деб таъкидлади. КХДР расмийлари ҳали ҳолатга изоҳ бермади.

Жанубий Корея расмийларининг таъкидлашича, Шимолий Корея ташқи эътиборни ўзига қаратиш мақсадида АҚШ президентлик сайловлари олдидан қурол синовларини ўтказаётган бўлиши мумкин, дея ёзмоқда Yonhap.

Мутахассислар халқаро баллистик ракеталарни учириш билан Шимолий Корея иккита нарсани мақсад қилганини айтяпти. Биринчиси — АҚШ сайловлари олдидан ядровий салоҳиятни намойиш этиш. Иккинчиси — КХДРнинг Россияга қўшин юборгани фаол муҳокама қилинаётганда эътиборни бошқа тарафга қаратиш.

Шимолий Корея 31 октябрь куни Hwasong-19 қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказганди. Ракета 7000 километр баландликка кўтарилган ва унинг учиш масофаси 1000 километрни ташкил этган. Ракета денгизга тушган. КХДР, Жанубий Корея ва Япония маълумотларига кўра, бу ракета Шимолий Кореянинг олдинги ҳар қандай ракетасига қараганда баландроқ учган.