Ҳукуматнинг 1 ноябрдаги қарори билан Зулфия номидаги давлат мукофотига талабгорларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, Зулфия номидаги давлат мукофоти талабгорларини танлаш, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва тақдим этиш тартиби ҳамда йўналишлар бўйича талабгорларнинг ютуқлари, илмий-ижодий ва амалий ишларини баҳолаш мезонлари белгиланди.
Талабгорлар 8 та йўналиш — фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича танловлар орқали сараланади.
Мукофот ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қизларга ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун берилади.
Йўналишлар бўйича ҳар бир ўринга муносиб талабгорларни танлаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
- туман (шаҳар) босқичи — 2 сентябрдан 20 октябрга қадар;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи — 21 октябрдан 30 ноябрга қадар;
- республика босқичи — 1 декабрдан 31 декабрга қадар ўтказилади.
Мукофот ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 2 нафардан вакилларига — жами 28 нафар талабгорга берилади.
Совриндорларга мукофотланганлик ҳақидаги диплом, кўкрак нишони ҳамда БҲМнинг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти ҳар йили 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тантанали вазиятда топширилади.
Президентнинг 2024 йил 7 февралдаги фармони билан Зулфия мукофотини бериш тартибига ўзгартириш киритилганди. Унга кўра, эндиликда ахборот технологиялари йўналишида алоҳида ютуқларга эришган иқтидорли хотин-қизлар ҳам ушбу давлат мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, Зулфия номидаги давлат мукофоти комиссияси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиши ҳамда унга бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси раҳбарлик қилиши белгиланди.