Сирдарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан «Малик» чегара ўтказиш пунктида кўп миқдордаги қимматбаҳо заргарлик буюмларини ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уриниш фош қилинди.

Божхона қўмитаси хабарига кўра, ўтказиш пункти орқали ҳаракатланаётган фуқаролардан бири холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, ички кийимлари орасидан оёқларининг юқори қисмига 19 дона ўрам яширгани аниқланди.

Мазкур ўрамлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида уларнинг ичида 9 турдаги 468 дона қимматбаҳо металлдан ясалган ва бриллиант тошлар билан безатилган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.

Ушбу шахс заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишда ёнидаги 14 ёшли неварасидан ҳам фойдаланишга уринган. Вояга етмаган шахс белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, унинг ички кийимлари орасига 12 дона ўрам яширилгани аниқланди. Мазкур ўрамларда эса 8 турдаги 454 дона тақинчоқлар борлиги маълум бўлди.

Божхона назоратидан яширилган жами 922 дона тилладан ясалган бриллиант тошлар ўрнатилган заргарлик буюмларининг умумий оғирлиги 6,7 килограммдан ошиб, умумий қиймати эса 5,6 миллиард сўмни ташкил қилган.