Туркия Қирғизистоннинг мамлакат олдидаги ташқи қарзидан кечди, деди президент Садир Жапаров 5 ноябрь куни Бишкекда Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан музокарадан сўнг.

«Ҳурматли президент Эрдоғанга Қирғизистон Республикасининг Туркия Республикаси олдидаги ташқи қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисида қабул қилинган қарор учун алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман», — деди у.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Орунбековнинг аниқлик киритишича, қарз миқдори 58,8 миллион долларни ташкил этган ва у «яшил иқтисодиёт» лойиҳаларини амалга ошириш эвазига ҳисобдан чиқарилган.

Аввалроқ Садир Жапаров халқаро молия ташкилотлари ва давлатларга давлат қарзини «яшил» ташаббусларни амалга ошириш учун айирбошлаш таклифи билан бир неча бор мурожаат қилганди. 2023 йилда Дубайда бўлиб ўтган COP28 саммитида у ташқи қарзни иқлим лойиҳаларига айирбошлаш механизмларини яратишни ҳам таклиф қилган.

Қирғизистон Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йил июнь ойи охирида Қирғизистоннинг давлат қарзи (ташқи ва ички) 6,3 млрд долларни ташкил этган.

Эрдоған 4 ноябрь куни давлат ташрифи билан Қирғизистонга келди. У 6 ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этади. Йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашади.