АҚШ ҳукумати «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси — DV» (Green Card) дастурида қатнашиш учун анкета тўлдириш муддатини 7 ноябрь соат 21:00 гача узайтирди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилди.

Аввалроқ, анкета тўлдириш муддати 2 октябрдан бошлаб, 5 ноябргача давом этиши маълум қилинганди.

Ҳар йили АҚШ ҳукумати «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси — DV» дастури доирасида маълум миқдорда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил ичидаги АҚШга иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади. Бунда АҚШга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ виза миқдори белгиланади.

Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади. Шахснинг исми лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларини ўтиш имкониятини беради.

2026 йил учун 55 000 тагача Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси (DV) ажратилади. DV дастурига рўйхатдан ўтиш бепул, бироқ танлаб олинган номзодлар суҳбатга чақирилганда, расмий виза аризасини топширишдан олдин виза учун тўлов тўлашлари керак бўлади.

«Dunyouzbeklari.Com» Green Card дастурига мустақил ариза топшириш ва натижаларни текшириш бўйича қўлланма эълон қилган. Анкета тўлдиришдан аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Green Card дастури иштирокчилари учун 10 та маслаҳати билан ҳам танишиб чиқишни тавсия қиламиз.