Республикачилар партиясидан президентликка номзод, Оқ уйнинг собиқ раҳбари Дональд Трамп, агар олий давлат лавозимига сайланса, ҳазил тариқасида давлат қарзини биткоинлар билан тўлашга буйруқ бериши мумкинлигини айтди.
“Биз криптовалютада 35 триллион доллар тўлашимиз мумкин. Мен 35 триллион криптовалюта ажратиш ҳақида ёзаман, тамом – бизда қарз йўқ”, деди Трамп маблағ йиғиш тадбирларидан бирида.
Республикачи криптовалютанинг “буюк келажаги”га ишонишини қўшимча қилган.
Конгресснинг Бюджет бюроси прогнозларига кўра, АҚШ давлат қарзи 2034 йилга бориб 50,7 триллион долларгача кўтарилади. Бу кўрсаткич АҚШ ялпи ички маҳсулотининг 122 фоизига тенг.
Июль ойи охирида АҚШ давлат қарзи биринчи марта 35 триллион доллардан ошди. Вакиллар палатаси қўмитаси материалида айтилишича, АҚШ президенти Жо Байден 2021 йилда лавозимга киришганидан бери давлат қарзи 7,25 триллион долларга ошган.
Аввалроқ Трамп ўзининг сайловолди кампанияси учун маблағ йиғиш тадбирида нутқ сўзлаб, “криптопрезидент” бўлиш ниятини маълум қилган эди.