• Вт. Дек 3rd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

“Эндиликда ҳокимлар маҳаллий кенгаш раиси бўла олмайди” — Одилжон Тожиев


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев янгиланган Конституцияга асосан эндиликда ҳокимлар маҳаллий кенгашларга раис бўлолмаслигини эслатди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Қайд этиш лозимки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 120-моддасига асосан вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас. 

Одилжон Тожиев ҳудудларда ўтказилаётган маҳаллий кенгашларнинг қўшма йиғилишлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтган.

“Демократик тараққиёт сари яна бир катта қадам ташланмоқда. Мамлакатимиз тарихида илк маротаба вилоят кенгашларига ҳокимлар раислик қилиши амалда бекор қилиниб, вилоят кенгаши депутатлари орасидан сайланган депутат вилоят кенгашига раислик қилишни бошлади. 

Бу халқимиз билан маслаҳатлашиб, 2023 йилда референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг яна бир муҳим нормасини амалда қўлланилганини кўрсатади. 

Вилоят кенгашига раислик қилиш инсондан, энг аввало, катта ҳаётий тажриба талаб қилади. Бу лавозимдаги шахс халқ дардини ўз дарди деб биладиган, ҳаёт синовларида тобланган, тегишли ҳудуддаги масала ва муаммоларни яхши биладиган, одамлар орасида катта обрўга эга, шу билан бирга кун тартибига долзарб масалаларни қўя оладиган шахс бўлиши лозим.

Бугун халқ депутатлари Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятлари кенгашлари сессияларида вилоят кенгаши раислари сайланди.

Ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, ўша вилоятдаги жамоатчилик, ҳамкасбларимиз илк сайланган кенгаш раислари ҳақида ижобий фикрлар билдираётганлиги мени жуда қувонтиради. Айрим раисларнинг фаолиятини яқиндан кузатганим учун ҳам тўғри танлов бўлаётганлигини айтишни жоиз деб биламан.

Ўйлайманки, бошқа вилоятларимизда ҳам сайланадиган кенгаш раислари юқоридаги хусусиятларга эга бўлган, халқ ичидан чиққан халқчил одам бўлади. 

П.С. Янгича тартибда сайланаётган кенгаш раислари ўз манфаатларидан халқ манфаатларини устун қўйишига ишонаман. Барчаларига омад!”, деб ёзади Одилжон Тожиев.

Бундан аввал президент Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига оид қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонунни имзолагани ҳақида хабар берилганди.

Мазкур қонунга кўра “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонундан вилоят, туман, шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида тегишли ҳудуддаги вакиллик ҳокимиятига бошчилик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланган.

Энг асосий ўзгаришлардан бири — туман (шаҳар, вилоят) ҳокими ва халқ депутатлари кенгаши раиси лавозимлари бўлинди. 

Кенгашларга сайланадиган раис бошчилик қилишига оид ўзгартиришлар вилоятлардаги, Тошкент шаҳридаги кенгашларга нисбатан сайлов якунлари бўйича амалга оширилиши белгиланган.

Туман, шаҳар давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижро этувчи органларига нисбатан эса – 2026 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Халқ депутатлари кенгаши раиси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади ва беш йил муддатга сайланади.

Эслатиб ўтиш лозим, ҳозирги вақтга қадар ҳокимлар тегишли ҳудудда вакиллик (кенгаш) ва ижро этувчи (ҳукумат) ҳокимиятни бир вақтнинг ўзида бошқарган, бу эса ҳокимиятда қўллаб-қувватлаш ва рақобат принципини бузган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *