• Вт. Дек 3rd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон бўйлаб 32 мингдан ортиқ электромобилларни қувватлантириш станциялари ўрнатилади – Ҳукумат қарори


Ҳукумат қарори билан мамлакатда 2024−2025 йилларда электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тасдиқланди.

Унга кўра, 2025 йил охиригача Ўзбекистон бўйлаб 32,4 мингта электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўрнатиш режалаштирилган. Уларнинг деярли тўртдан уч қисми уй-жойлар атрофидаги автотураргоҳларга тўғри келади.

Давлат тасарруфидаги бўш турган, шунингдек, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат корхоналари ҳудудида стансияларни ўрнатиш жойи «K-Savdo»да электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилади.

Бунда станцияларни қуриш учун барча шароитларга эга ўрнатиш жойлари «яшил» тоифа, қўшимча коммуникация тармоқларини қуриш заруратига эга жойлар «сариқ» тоифа сифатида белгиланади. Уларни қуриш эса ғолиб томонидан амалга оширилади.

Ҳудудларда станциялар ўрнатиладиган ҳудудлар 120 ойгача фойдаланиш ҳуқуқи билан аукцион орқали сотилиши ёки ижарага берилиши мумкин. Бунда электр таъминотининг техник ҳолати ва мавжуд қувватлардан келиб чиқилиши керак.

Агар ижарага бериладиган жойда ғолиб 6 ойгача станциялар ўрнатмаса, ижара шартномаси бекор қилинади ҳамда ер участкаси, кўчмас мулк қайтадан аукционга чиқарилади.

Энергетика вазирлигига «Ҳудудий электр тармоқлари» билан йил якунигача ягона энергетика тизимида қувват танқислиги даврларида корхона томонидан тадбиркорлар ва аҳоли ўрнатадиган станциялар истеъмол қувватини камайтириш имкониятини яратиш бўйича таклифларни ҳукуматга киритиш топширилди.

Шунингдек, 2025 йилнинг 1 февралидан янги лойиҳалаштириладиган автотураргоҳларнинг камида 5 фоизи (битта жойдан кам бўлмаган ҳолда) электромобилларни қувватлантириш станцияларини жойлаштириш учун ажратилади.

Бунда давлат органлари, савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, АЙҚШлар, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўллари бўйидаги инфратузилма обектларидаги «парковка»лар назарда тутилган.

Аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини, юқори ва паст кучланишли тармоқларни модернизация, реконструкция қилиш ва таъмирлаш дастурларини ишлаб чиқишда стансиялар ҳамда уларнинг ягона электр энергетикаси тизимига юкламасини инобатга олиш талаб этилади.

Якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жойлар ҳудудида, шу жумладан, кўп квартирали уй-жойлар автотураргоҳларида 22 кВт энг юқори қувватга эга стансиялар ўрнатилади. Тадбиркорлар кўп квартирали уйларнинг фақат автотураргоҳларида стансиялар ўрнатишлари мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистонда электромобиллар учун алоҳида электр энергияси ҳисоби юритилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди. Мамлакатда электромобилларни қувватлаш ускуналари учун алоҳида ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилмоқда. Мазкур тартиб жорий йилдан йўлга қўйилиши мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *