Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида қонун ҳужжатларига киритилган ўзгаришларни имзолади.
Жиноят кодекси 214−1-модда — «Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши» ва 214−2-модда — «Спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш» билан тўлдирилди.
Спорт мусобақалари натижаларини ёки уларнинг боришини қасддан ўзгартириш мақсадида спортчи, мураббий, спорт ҳаками ёки спорт мусобақалари бошқа иштирокчилари ва ташкилотчиларининг улар бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора эвазига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ё бажармаслиги учун моддий қимматлик олиши шундай жазоланади: БҲМнинг 50 дан (18 750 000 сўм) 100 бараваригача (37 500 000 сўм) миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Ўша ҳаракатлар такроран, кўп миқдорда, тамагирлик йўли билан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, каттароқ миқдорда жарима ёки уч йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Бундан ташқари, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларига пора берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда, бу учун ҳам аввалги моддада назарда тутилган жазо чоралари қўлланади.
Агар шахс унга нисбатан товламачилик содир этилган бўлса ва у 30 кун ичида содир бўлган воқеа ҳақида ўз ихтиёри билан хабар берган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва жиноятни очишга фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши мумкин.