Сирдарёда чегара постида 5,6 млрд сўмлик тақинчоқларни ички кийимига, оёғининг тепа қисмига яшириб олиб ўтмоқчи бўлган аёл ушланди. У, шунингдек, заргарлик буюмларини 14 ёшли неварасининг ички кийимларига ҳам яширган (фото).
Сирдарёдаги «Малик» чегара пунктида 5,6 миллиард сўмлик қимматбаҳо заргарлик буюмларини олиб кириш уриниши фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси чегара ўтказиш пунктида йирик миқдордаги қимматбаҳо заргарлик буюмларини ноқонуний олиб киришга бўлган уринишни аниқлади. Божхона пункти орқали ҳаракатланаётган фуқаролардан бири шахсий кўрикдан ўтказилганда, унинг ички кийимлари орасида, оёқларининг юқори қисмига яширилган 19 дона ўрам топилди.
Бу ўрамлар очиб кўрилганида, уларда 9 турдаги 468 дона тилладан ясалган ва бриллиант тошлар билан безатилган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди. Шунингдек, ушбу шахс ёнидаги 14 ёшли невараси ёрдамида товарларни яширинча олиб ўтишга уринган. Невераси ҳам текширувдан ўтказилганда, унинг ички кийимларида 12 дона ўрам борлиги маълум бўлди, бу ўрамларда 8 турдаги 454 дона тақинчоқлар топилди.
Жами 922 дона заргарлик буюмлари қимматбаҳо металллардан ясалган бўлиб, уларнинг умумий оғирлиги 6,7 кг.дан ошади. Ушбу буюмларнинг умумий қиймати 5,6 миллиард сўмни ташкил этади.