Дунёда ёғочдан ясалган илк сунъий йўлдош Американинг SpaceX компанияси миссияси доирасида коинотга учирилди, деб хабар берди Reuters агентлиги.
Киото университети ва Sumitomo Forestry қурилиш компанияси томонидан ишлаб чиқилган Япониянинг LignoSat ёғоч сунъий йўлдоши Халқаро космик станцияга етказиб берилади ва Ердан тахминан 400 километр баландликда орбитага чиқарилади.
https://twitter.com/ReutersScience/status/1852297030539854257
LignoSat Японияда ўсадиган магнолия турларидан бирининг ёғочидан тайёрланади. Кафт ўлчамидаги сунъий йўлдош Ой ва Марсни ўрганишда ёғочдан фойдаланишни синовдан ўтказиш доирасида «қайта тикланадиган материалнинг космик салоҳиятини» намойиш этиш учун мўлжалланган, деб ёзади агентлик.
«Ўзимиз ишлаб чиқара оладиган ёғоч ёрдамида биз уйлар қуриш, космосда абадий яшаш ва ишлаш қобилиятига эга бўламиз», — деди Киото университети астронавти ва тадқиқотчиси Такао Дои. Унинг жамоаси яқин 50 йил ичида Ой ва Марсда дарахт экиш ва ёғоч уйлар қуришни режалаштирмоқда.
Аппарат деворларининг ўлчамлари 10 сантиметр, қалинлиги 4−5,5 миллиметр ва оғирлиги бир килограмм бўлган кубдан иборат. LignoSat орбитада ярим йил қолади ва унинг электрон компонентлари ёғочнинг коинотдаги экстремал шароитларга қандай бардош беришини ўлчайди.