• Пн. Дек 2nd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

суд Сардор Кариевнинг уч фарзанди ва аёли яшаётган уй хатланишини ёқлади — Дарё Янгиликлари


Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори, “Док-1 Макс” ишида айбдор деб топилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган Сардор Кариевнинг фарзандлари яшаб турган уй МИБ томонидан хатлангани, бундан норози бўлган Кариевнинг хотини судга шикоят қилгани ҳақида хабар берилганди.

Мазкур иш бўйича навбатдаги суд мажлиси 2024 йилнинг 5 ноябрь куни Тошкент туманлараро маъмурий судида кўриб чиқилди. Суд Сардор Кариевнинг аёли ёзган шикоятни рад этиб, собиқ амалдорнинг оиласи яшаётган уйни ҳам хатлашни қўллаб-қувватлади. 

Фото: “Дарё”

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимининг судда маълум қилишича, бюро “Док-1 Макс”дан жабрланганларга суд томонидан белгиланган салкам 76 миллиард сўмлик товон пулларини ундириш ҳаракатини давом эттирмоқда.

Шикоят аризасини рад қилишингизни сўрайман, сабаби бизнинг қонунчилигимизда кўрсатилганки, агар ўзининг номида битта уй бўлса, тўғри, уни сотиб юборишимиз нотўғри бўлар эди. Ҳозир бу ҳолатда Кариевнинг номида иккита уй бор. Бундан ташқари, мулкий аҳволи ҳам яхши. Ундириш имкони йўқ, деб қайтаришга асос ҳам йўқ”, деганди судда сўз олган МИБ ходими мулк хатланиши ҳақида гапирар экан. 

Кариевлар оиласининг адвокатларидан бири МИБ ходимининг бу гапига эътироз билдириб, “Битта уй бўлса, сотувга чиқариш мумкин эмас, лекин иккита-учта уй бўлса, ҳаммасини олиш керак, деганимас-ку!”, деганди. 

Кариевнинг ўзи 18 йилга қамалди. Энди вояга етмаган уч нафар боласи ва оиласи кўчада қолиши керакми? Мулкий аҳволи яхши деб, ундирувни хотинига қаратишмоқчими? Марҳамат, қамоқда ишлаётган бўлса, олаётган ойлик маошига қаратишсин, деганди адвокат шикоят аризасини қўллаб-қувватлар экан.

2022 йилнинг октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида болалар шамоллашига қарши қўлланган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропи 2023 йилнинг январь ойида мамлакатда “Док-1 Макс” фожиаси сифатида бўй кўрсатди. Фожианинг дастлабки қурбонлари ҳақида хабар берган масъуллар марҳум болалар сони 65 нафар эканини очиқлаган бўлса, кейинчалик бу рақамлар 68 нафарга етгани маълум бўлди. 2022 йилнинг декабрь ойида тармоқларда Самарқанд шаҳридаги дорихоналардан харид қилинган “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситаларини қабул қилган беморларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ушбу вазиятни дарҳол назоратга олди. Заҳарли сироп ҳақида жамоатчиликка ошкор қилган Самарқанд вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачининг ёзишича, икки ойда 21 киши шу дори воситаси қабулидан сўнг шикоят қилган. 17 нафар боланинг аҳволи ўта оғир бўлиб, уларнинг 15 нафарида ўлим ҳолати кузатилган.

2024 йилнинг 26 февраль куни Ўзбекистонда 68 нафар боланинг ўлими, 16 нафар боланинг ногирон бўлиб қолишига олиб келган “Док-1 Макс” иши бўйича суднинг якуний ҳукми эълон қилинганди. Ҳукмга кўра, судланувчиларнинг 7 нафари озодликдан маҳрум қилинган бўлса, 14 нафарининг озодлиги чекланди. Шунингдек, бир нафари ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши белгиланган бўлса, яна бир нафари 17 миллион сўмлик жаримага тортилган. 68 нафар боланинг қонуний вакилларига 6 нафар судланувчи ҳисобидан солидар тартибда 1 миллиард сўмдан товон пули ундирилишини белгилади. Оғир тан жароҳати олиб ногирон бўлиб қолган 16 нафар ва енгил тан жароҳати олган жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига 500 миллион ва 200 миллион сўм миқдорида товон пули ундириладиган бўлганди. 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган С.Р.П., 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Сардор Кариев ва унинг ҳар бири 16 йил муддатга қамалган ўринбосарлари — А.Азимов ва Н.Мусаев, 16,6 йилга озодликдан маҳрум этилган Ш.Шодманов ҳамда 2 йил муддатга озодлиги чекланган Ш.Абдуғаниев ва И.Мирзаёқубовлар ҳукмдан норози бўлиб, апелляция шикояти ёзганди. Апелляция инстанцияси дастлабки ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *