АҚШ президентлигига республикачилардан номзод Флоридада йиғилганларга миннатдорлик билдириб, ўз нутқини бошлади. У ўзи ва унинг тарафдорлари «тарихий ғалабани қўлга киритганини» айтди ва ҳар куни «сайловчилар учун курашишга» ваъда берди.
У ўз нутқида овозларни санаш ҳали тугамаган бўлса-да, ўзини АҚШнинг 47-президенти деб атади. «Бу Америка халқининг ҳайратланарли ғалабаси бўлиб, бизга Американи яна буюк қилиш имконини беради», — деди Трамп.
«Америка бизга мисли кўрилмаган ва кучли мандат берди», — деди Трамп. Унинг таъкидлашича, республикачилар АҚШ Конгресси сенатида кўпчиликни қўлга киритган.
Трамп билан бирга республикачилардан вице-президентликка номзод Жей Ди Венс ҳам майдонга чиқди. Шунингдек, у йиғилганларга миннатдорлик билдириб, ғалаба қозонганини маълум қилди. «Ўйлайманки, биз АҚШ тарихидаги энг буюк сиёсий камбэкнинг гувоҳи бўлдик», — деди Венс.
Дональд Трамп АҚШ президенти сайловида етакчилик қилмоқда. Республикачиларни қўллаб-қувватловчи Fox News телеканали Трампга 277 сайловчининг овозини, Associated Press ва The New York Times — 267, CNN ва NBC News — 266 овоз берди. Демократлар номзоди Камала Ҳаррис, Fox News прогнозига кўра, сайловчиларнинг 226 овозини олди. Ҳаррисга AP — 224, NYT — 214, CNN — 188, NBC News — 194 овоз берди.