Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқида Яқин Шарқдаги низонинг ягона ечимини айтди.
“Мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир”, деди президент.
Давлат раҳбари Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралади.
Ўзбекистон президентининг таъкидлашича, етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучаймоқда, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортмоқда.
“Бу муаммолар савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма режа ва катта лойиҳаларимизга жиддий тўсиқ бўлмоқда, десам, бу — айни ҳақиқатдир”, деди президент.
Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти доирасида сиёсий ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, умумий манфаатлардан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позицияни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқлигини айтди.