Ҳудудларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликдаги тезкор тадбирларда мансабдор шахсларнинг қонун бузиш ҳолатлари аниқланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлиги хизмати.
Хусусан, Андижон вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг муқаддам судланган Асака туман бўлими бош инспектори 30 йил муддатга ижара асосида ажратилган 5 сотих ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 20 минг доллар олган вақтида ушланган.
Ер 2021 йилда туман ҳокимининг қарори билан Ёшлар саноат зонаси ҳудудидан мансабдорнинг қариндошига синтепон маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш мақсадида берилган.
Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг туман бўлими бошлиғи эса МЧЖдан хизмат хонасида 7 млн 300 минг сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. У бу маблағни тумандаги ижтимоий соҳа объектларининг бино ва иншоотлари ёғоч қисмларига ёнғин хусусиятини сусайтирувчи махсус суюқлик эритмаси билан ишлов берилгани тўғрисидаги далолатномаларни тасдиқлаб бериш эвазига олган.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар ФВБнинг мансабдор ходими аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник хизмат кўрсатувчи МЧЖ ташкил этмоқчи бўлган фуқародан келгусида унинг фаолиятига «раҳнамолик қилишини» айтиб, эвазига ҳар ойда 200 доллар миқдорида пул беришини талаб қилган.
Аммо у олдиндан 4 млн сўм олган вақтида қўлга тушган.
Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти бошқармасининг шаҳар бўлими бошлиғи оилавий корхонанинг мавжуд кредит қарздорлигини банкнинг «Марказлаштирилган кредит тарихи» ахборот маркази базасидан ўчиртириб, ушбу банкдан 100 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб беришини айтган.
Бунинг учун эвазига 1500 доллар талаб қилиб, олдиндан 10 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. У муқаддам ҳам судланган бўлган.
Хоразм вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси Урганч шаҳар бўлимининг бош мутахассиси 470 метр квадрат ер майдонида кўп қаватли уй қуришга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб, қурилиш ишларига нисбатан аҳолининг розилиги бўйича далолатномаларни тайёрлаб бериш эвазига 30 млн сўм талаб қилган Лекин у сўралган пул маблағидан 20 млн сўмни олган вақтида ушланган.
Шунингдек, терговга қадар текширув давомида ушбу ноқонуний ишга вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасининг Урганч шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари ҳам алоқадор эканлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.