Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Дональд Трампга Америка Қўшма Штатлари президенти сайловида ғалаба қозониб, ушбу лавозимга сайлангани муносабати билан табрик йўллади, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Президент табрик аввалида Трампнинг сайловлардаги ишончли ғалабаси «бой тажрибали ва моҳир сиёсатчининг АҚШни халқаро майдондаги нуфузи ва иқтисодий қудратини ошириш, глобал тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган дастур ва режалари Америка халқи томонидан фаол қўллаб-қувватланганини яна бир бор яққол тасдиқлаганини» айтди.
«Биз АҚШнинг мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгармас позициясини, ортга қайтмас тус олган туб ислоҳотларимизга кўрсатиб келаётган доимий кўмагини алоҳида қадрлаймиз. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, айнан сизнинг илк президентлик даврингизда, 2018 йил май ойида Оқ уйда ўтказган сермаҳсул музокараларимиздан кейин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври бошланган эди», — деди у.
«Сизнинг шахсий эътиборингиз билан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, ўзаро ишонч, ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган сиёсий мулоқотларимиз янада мустаҳкамланди, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, ҳарбий-техникавий ва гуманитар алоқалар жадаллашди», — дея қайд этди Мирзиёев.
Давлат раҳбари юқори даражадаги вакиллар ва қонун чиқарувчилар ўртасидаги фаол ташрифлар алмашувлари натижасида ҳамкорлик сифат ва мазмун жиҳатидан юксак босқичга кўтарилганини таъкидлади.
«Биз бундан кейин ҳам сизнинг бошчилигингиздаги АҚШ Администрацияси билан дўстона алоқаларни изчил давом эттиришга, олий ва юқори даражада эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга оширишдан манфаатдормиз. Шунингдек, „С5+1“ платформаси ва „Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли Битими“ доирасида минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоримиз», — деди Ўзбекистон етакчиси.
«Аминманки, биргаликдаги қатъий саъй-ҳаракатларимиз билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, банк-молия, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, инновация, таълим ва бошқа соҳалардаги шериклигимиз қўшма лойиҳалар билан самарали бойиб бораверади», — деди у.
Мирзиёев, шунингдек, келгусида Афғонистонда барқарор тинчликни таъминлаш ва унинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшиш ўзаро ҳамкорликнинг ажралмас қисмига айланишига ишонч билдирди.
«Узоқ муддатли ва кенг қамровли муносабатларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида cиз, жаноби олийларининг Ўзбекистонга расмий ташрифингизни кутиб қоламиз», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.
«Фурсатдан фойдаланиб, сизни ушбу тарихий ғалабангиз билан яна бир бор чин қалбдан қутлаб, мустаҳкам саломатлик, бахт-саодат, бошланаётган масъулиятли фаолиятингизда янги омадлар, дўст Америка халқига эса тинчлик-тотувлик ва бардавом тараққиёт тилаб қоламан», — дейилади табрик якунида.