АҚШда президент сайлови якунига етди. Америка нашрларининг ҳисоб-китобларига кўра, Дональд Трамп президентлик курсисини эгаллаш учун етарли миқдорда овоз тўплаб бўлди. «Dunyouzbeklari.Com» сайлов арафаси ушбу сиёсий жараённинг ўзига хосликлари ва номзодлар илгари сураётган ғояларни «Контекст» подкастида муҳокама қилганди.
АҚШнинг Техас университети профессори, иқтисодчи Ботир Қобилов «Контекст» подкасти учун номзодларнинг иқтисодий сиёсат бўйича режа-мақсадлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашганди. Подкастда профессорнинг мулоҳазалари қисман қисқартирилган ҳолда берилганди. Сайлов натижалари амалда маълум бўлиб улгургач, Трампнинг эҳтимолий иқтисодий сиёсатига доир Ботир Қобилов изоҳларини тўлиқ беришга қарор қилинди.
Дональд Трамп АҚШ иқтисодиётида нималарни ўзгартирмоқчи? Иқтисодчи Ботир Қобиловнинг жавоби
Трампнинг иқтисодий дастуридаги биринчи банд — бу импорт божларини ошириш. Трамп АҚШга четдан олиб келинадиган маҳсулотларнинг барчасига 20 фоизлик импорт божи ўрнатмоқчи, Хитойдан келадиган товарларга эса 60 фоиз импорт божини қўймоқчи. Бундан ташқари, ўз иш ўринларини АҚШдан ташқарига, яъни, Мексика, Вьетнам ёки Хитойга кўчирадиган Америка компанияларини уларга кўпроқ солиқ юки бериш орқали жазоламоқчи.
Трампнинг савдо сиёсати протекционистик қўлланмадан олинган. Трамп импорт божларини дунёда энг яхши кашфиёт, деб ҳисоблайди. Бу гапни у сайловолди кампанияси чоғида ҳам айтганди. Ўзининг айтишича, у импорт божларини ошириш орқали гўёки урушларни тўхтатган, бир-бири билан низолашаётган мамлакатларни ярашишга чақирган. Хитойни ҳам импорт божларини ошириш орқали тийиб турганман, деб кўп айтади.
У хориж мамлакатлари — айниқса Хитой — арзон товарлар билан АҚШ бозорини тўлдириб, эгаллаб оляпти ва америкаликларнинг заифлигидан фойдаланиб, уларнинг устидан ҳукмронлик ўрнатяпти, дейди. Шу боис Трамп барча чет эл товарларига импорт божи қўйилса, хорижий мамлакатлар бу божларни тўлашга мажбур бўлади, деяпти. Аммо бу гап мантиқан хато.
Чунки АҚШга олиб келинаётган барча маҳсулотлар Америкадаги импортёрлар томонидан истеъмол учун олиб келинади. Чегарада божни тўлашга мажбур бўлган импортчи тадбиркор, табиийки, олиб келган товарини якуний истеъмолчига нархи ошган ҳолда етказади. Яъни, чегарадаги [бож ҳақи] занжирнинг охирида турган истеъмолчи чўнтагидан қопланади. Дональд Трамп бўлса буни хорижий мамлакатлар тўлайди, деб ҳисоблаяпти. Импорт божлари оширилишининг бадалини чет эл ҳукуматлари ёки ишлаб чиқарувчилари эмас, балки маҳаллий импортёрлар ва истеъмолчилар тўлайди.
Шунинг учун АҚШдаги айрим ишлаб чиқарувчилар ва импортёрлар агар Дональд Трамп президент бўлиб, ўзи илгари сураётган савдо сиёсатини рўёбга чиқара олса, биз ишлаб чиқараётган ва сотаётган товарларимиз нархини оширишга тайёрмиз, деб баёнот ҳам бериб бўлди. Шу тариқа улар бозорга сигнал беряпти. Маълумки, нархларнинг ошиши бўйича кутилма ҳам инфляцияга олиб келади. Бундай протекционистик иқтисодий сиёсат оқибатида нархлар янада ошишини тахмин қилиш мумкин.
Трамп илгари сураётган иккинчи ғоя — солиқлар бўйича катта чегирмалар бериш. Трамп кўпдан бери солиқлар ёмон ва уларнинг ўрнига импорт тариф (бож)ларини жорий этсак, бюджетга тушум камайишининг ўрнини қоплай оламиз, деб келади.
Трамп анчадан бери илгари сурадиган яна бир ғоя — Марказий банк, яъни Федерал захира тизимининг фаолияти, монетар сиёсат устидан тўғридан-тўғри сиёсий ҳукмронлик ўрнатишдир. У Марказий банк ишига аралашишни анчадан бери хоҳлайди. [Федерал захира тизими бошқарувчилар кенгаши раиси] Жером Пауэллга: «Мен Марказий банк бошқарув кенгаши йиғилишларида қатнашишим керак, мен тадбиркорман, мен бизнесни яхши тушунаман, иқтисодиётдан хабарим бор, молия бозори қандай ишлашини биламан, шунинг учун мен фоиз ставкаларини белгилаш жараёнига ҳам қўшилишим керак», деб айтган. Бу [Марказий банк мустақиллигига] жуда катта таҳдид ҳисобланади.
Марказий банкнинг мустақиллиги АҚШда ҳам, исталган бошқа мамлакатда ҳам монетар сиёсат учун муҳимдир. Марказий банкнинг мустақиллиги — фундаментал хусусият. Бу хусусиятга путур етказиш жиддий оқибатлар келтириб чиқаради. Масалан, Трамп Марказий банк ставкасини туширишни хоҳлайди. Шунда фискал сиёсатни молиялаштириш харажатлари арзонроққа тушади ва гўёки хусусий секторга енгиллик берилгандек бўлади. Чунки Марказий банкнинг фоиз ставкаси тушса, риски катта активлар, биткоин ёки қимматли қоғозлар бозоридаги риски кўпроқ бўлган корхоналар акциялари ошиши кутилади. Корпоратив инвестициялар ошади. Иқтисодиётдаги фаоллик оширади ва, табиийки, кўпроқ инфляцияни олиб келади.
Трампнинг Марказий банк фоиз ставкасини туширишни хоҳлашига асосий сабаб — у шу тариқа харажатларни кўпроқ молиялаштирмоқчи. Лекин Трампнинг сиёсати яқин ва узоқ истиқболда фоиз ставкасининг тушишига эмас, балки янада ошишига сабаб бўлади. Чунки Федерал захира тизими фоиз ставкасини фискал сиёсат туфайли тушириши натижасида ҳукумат янада кўпроқ харажат қилишга мажбур бўлади, иқтисодиёт эса янада қизий бошлайди. Иқтисодий фаоллик ошганида инфляция кутилмалари ҳам ошади. Кутилмалар ошганда эса Марказий банкка монетар сиёсат орқали фоиз ставкасини ошириш, иқтисодиётни бироз сокинлаштириш учун янада кўпроқ босим қилади.
Шунинг учун ҳам бу циклда Марказий банк мустақиллиги ўта муҳим. Бунга фискал сиёсатни юритувчи ижро ҳокимиятининг аралашуви монетар сиёсат барқарорлиги ва, энг муҳими, Марказий банк мустақиллигига путур етказади. Трампнинг мана шундай [эҳтимолий ҳаракатлари] кўп ҳам яхши эмас.
Трампнинг иқтисодиётга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлмаган, лекин охир-оқибат барибир иқтисодиётга таъсир қиладиган сиёсий ташаббусларидан бири — ноқонуний мигрантларни депортация қилиш. Бунинг иқтисодий таъсири бўлади, албатта. Чунки шартли ноқонуний мигрантларни ишлатаётган тадбиркорлик субъектлари ёки норасмий мигрантлар ишлатаётган кичик тадбиркорлик субъектларига иқтисодий зарар етиши мумкин. Арзонроқ ишчи кучидан манфаат кўраётган тадбиркорлар эртага ишчиларидан маҳрум бўлиб, ишчиларни маҳаллий аҳоли орасидан қидиришга ва уларга кўпроқ ҳақ тўлашга мажбур бўлса, уларнинг соф фойдаси ҳажми камаяди. Бизнес рақобатбардошлилигини йўқотиши оқибатида улар ҳатто ўз фаолиятини ҳам тўхтатиши мумкин.
АҚШ президентлигига номзодлар илгари сураётган иқтисодий сиёсатидан қай бири кўпроқ фойда ва камроқ зарар келтиради? Бу саволга иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиблари яқинда очиқ хат ёзиб, жавоб берди. Ўша хатда улар Камала Ҳарриснинг иқтисодий сиёсати Трампникидан яхшироқ, деган хулосага келган. Албатта, улар Камала Ҳаррис иқтисодий сиёсатининг барча бандларини қўллаб-қувватлаймиз, демаган. Трампнинг ҳар бир ташаббусини қўлламасликлари ҳақида ҳам гап йўқ. Умумий олганда Ҳарриснинг сиёсати Трампнинг режасидан яхшироқ, деган хулоса берган.
Эътиборга молиқ жиҳат шундаки, ким президент бўлишидан қатъий назар, АҚШда федерал ҳукумат харажатлари ва дефицит ошиши кутиляпти. Иқтисодчилар кутилмаларига кўра, Трампнинг солиқларни камайтириши АҚШ федерал ҳукумати қарзини 2035 йилга келиб тахминан 6 трлн долларга оширади. Камала Ҳаррис сиёсати бўйича эса қарз ҳажми 1,2−1,3 трлн долларга ошиши мумкин эди.