Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда давлат раҳбарлари йиғилишида иштирок этди. Президент саммитда ҳамкасблари олдига қатор таклифлар қўйди.
Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия президентлари, Венгрия бош вазири ва Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Саммит кун тартибидан келиб чиқиб, Ўзбекистон етакчиси бир қатор устувор масалаларга тўхталиб ўтди:
- Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани қабул қилиш;
- ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш мақсадида тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувларни ишлаб чиқиш;
- Тошкентда етакчи таҳлил марказларининг анжуманини ўтказиш;
- молиявий инструментларни жорий этиш, Туркий инвестиция фонди фаолиятини фаоллаштириш ва Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш;
- Туркий инвестиция форумини ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш;
- ташкилот доирасида ташишларда электрон ҳужжат айланишига ўтиш ва уларни ўзаро тан олиш бўйича кўп томонлама битимни имзолаш;
- Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилар альянси билан ҳамкорликда Халқаро логистика конференциясини ўтказиш ва шу каби кўплаб таклифлар билдирилди.
Шу маънода, Ўзбекистон Туркий маданият ва мерос жамғармасининг тўлақонли аъзоси бўлишга тайёрлиги билдирилди.
Сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти Венгрия бош вазири Виктор Орбанни Туркий дунёнинг олий орденига сазовор бўлгани билан самимий табриклади.
Саммит якунида Бишкек декларацияси, Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё хартияси, шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор келишувлар қабул қилинди.