• Ср. Дек 4th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Давлатларимиз глобал зиддиятларнинг салбий таъсирини ҳар томонлама сезиб турибди — Шавкат Мирзиёев



Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида нутқ сўзлади. Унда ташкилотга аъзо мамалакатларнинг ўзаро савдо, транспорт ва маданий алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича қатор таклифларини билдирди.

Сўз бошида президент саммит мезбони Қирғизистон президенти Садир Жапаровга миннатдорлик изҳор этди.

«Қирғиз томонининг ташкилотимизда иқтисодий интеграция, умумий тараққиёт, рақамли келажак ва хавфсизлик йўналишларида шерикликни асосий мақсад этиб белгилаган раислиги даври муваффақиятли ўтишига тилакдошман», — деди президент.

Мирзиёев Остона ва Шуша шаҳарларидаги учрашувлардан кейинги вақт мобайнида глобал геосиёсий жараёнлар тобора мураккаб тус олганини таъкидлади. «Етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучаймоқда, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортмоқда», — деди у.

«Албатта, буларнинг салбий таъсири ва оқибатларини давлатларимиз ҳар томонлама сезиб турибди. Бу муаммолар савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма режа ва катта лойиҳаларимизга жиддий тўсиқ бўлмоқда, десам, бу — айни ҳақиқатдир», — деди президент.

Президент ташкилот доирасида сиёсий ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, умумий манфаатлардан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позициямизни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқ эканини билдирди.

«Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз», — дея қайд этди Ўзбекистон раҳбари.

«Мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими — халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид қилишини таъкидлади.

«Хавфсизлик ҳақида тўхталганда, Афғонистон масаласи Ташкилотимиз доирасида доимо диққатимиз марказида бўлиши лозим. Бу борада вазирлар ва экспертлар даражасидаги мунтазам мулоқот механизмини йўлга қўйиш муҳимдир. Афғонистондаги ўткир муаммоларни ҳал этишда амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, бу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалалари албатта кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг тарихий ҳужжати — Туркий дунё хартиясининг қабул қилиниши қардош давлатлар ва халқлар ўртасида кучайиб бораётган кўпқиррали ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси деб атади.

Президент ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг қатор устувор йўналишларини ҳам кўрсатиб ўтди.

  • Ташкилотнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш. Ўзбекистон Туркий давлатларнинг стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани қабул қилишни таклиф қилди.
  • Ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш. «Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда давлатларимизнинг ташқи товар айланмасида ўзаро савдомиз улуши анча паст даражада қолмоқда. Импортимизнинг салмоқли қисми учинчи давлатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу борада вазиятни кескин ўзгартириш вақти келди», — деди президент. У тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувлар ишлаб чиқиш лозимлигини қайд этди.
  • Инвестиция жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш. «Биз ташкилотимиз доирасида молиявий инструментларни жорий этишга жиддий эътибор қаратишимиз керак. Туркий инвестиция жамғармаси ишини фаоллаштириш, бизнинг ташаббусимиз бўлган Туркий ривожланиш банкини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқишимиз зарур, деб ҳисоблаймиз», — деди у.
  • Транспорт коридорларидан самарали фойдаланиш. «Ташкилотимиз доирасидаги ташувларда электрон ҳужжатлар айланмасига ўтиш ва уларни ўзаро тан олиш бўйича кўп томонлама битимни имзолашга чақирамиз. Бундай долзарб масалаларни бизнес вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилиш мақсадида Туркий давлатлар логистика марказлари ва юк ташувчилари альянси билан ҳамкорликда Халқаро логистика конференциясини ўтказишни таклиф этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
  • Рақамли туркий дунё концепциясини ишлаб чиқиш. «Мазкур концепция мамлакатларимизда тўпланган илғор тажриба ва IT соҳасидаги ютуқларни ўзаро алмашиш, инновация, инфратузилма ва илм-фан бўйича рақамли тизимларни, йирик дата-марказларини яратишга хизмат қилади», — деди у.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари вазирлар даражасидаги Туркий экологик кенгашни тезроқ тузиш зарурлигини таъкидлаб, унинг биринчи учрашувини келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Бундан ташқари, у Ўзбекистонни Туркий маданият ва мерос жамғармасига тўлақонли аъзо бўлишга тайёрлигини билдирди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *