• Вт. Дек 3rd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Европа Ўзбекистоннинг минг йиллик тарихидаги янги бобда ҳамкорингиз бўлишни истайди» — Урсула фон дер Ляйен



Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа илгари мисли кўрилмаган даражада бир-бирига яқинлашганини таъкидлади. У бу ҳақда «Ўзбекистонда Европа иқтисодиёти кунлари» бизнес-форумининг очилиш маросимидаги видеомурожаатида гапирди, дея хабар берди «Dunyouzbeklari.Com» мухбири.

«Асрлар давомида Ўзбекистон глобал савдонинг „уриб турган юраги“ бўлиб келган. Европалик савдогарлар кийим-кечак ва кулолчилик буюмларини харид қилиш учун Самарқанд, Бухоро ва Хивага келишган. Улар сизнинг ҳашаматли саройларингиз, мафтункор манзараларингиз ва ғоят ранг-баранг маданиятингиз ҳақидаги ҳикоялар билан қайтишган», — дея таъкидлади Урсула фон дер Ляйен сўзи бошида.

У бугун Ўзбекистон яна дунёга очилаётганини, Европа эса бу жараёнда мамлакатнинг ҳамкори бўлишни исташини қайд этиб ўтди.

«Сиз нафақат Осиёда, балки глобал савдо йўналишлари ва инвестиция оқимларида ҳам ўз марказий ўрнингизни қайтармоқчисиз. Европа эса Ўзбекистоннинг минг йиллик тарихидаги ушбу янги бобда сизнинг ҳамкорингиз бўлишни истайди», деди Еврокомиссия президенти.

У ўз нутқида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа бир-бирига яқинлашганини кўрсатувчи учта мисолни санаб ўтди.

«Биринчиси савдога тааллуқли. 2021 йилдан бошлаб биз ўзбек маҳсулотлари учун Европа бозорини очдик. Ўзбекистон экспорти, хусусан, тўқимачилик ва металлургия соҳасида жадал суръатлар билан ўсди. Янада ўсиш учун улкан салоҳият мавжуд», — деди Урсула фон дер Ляйен.

Унинг қайд этишича, иккинчи мисол инвестициялар соҳаси ҳисобланади.

«„Глобал дарвоза“ дастуримиз орқали биз сизнинг дунё билан ўзаро боғлиқ бўлиш мақсадингизни қўллаб-қувватлаймиз. Халқаро шерикларимиз билан биргаликда Европадан Шарқий Осиёга энг қисқа ва хавфсиз йўналиш бўлган Транскаспий йўлагига 10 млрд еврогача инвестиция киритаяпмиз. У Европа ва Марказий Осиёни 15 кундан камроқ вақт ичида боғлашга имкон беради. Шунингдек, мамлакатингизнинг энг чекка ҳудудларига энг замонавий рақамли алоқани етказиб бериш учун Ўзбекистонни сунъий йўлдош тармоғимизга улаш устида ишламоқдамиз. Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим», — деди сиёсатчи.

Еврокомиссия президенти учинчи мисол сифатида стратегик соҳалардаги ҳамкорлик кенгаётганини келтирди.

«2024 йилнинг апрель ойида муҳим минералларни етказиб бериш занжири тўғрисида битим имзоладик. Баъзи инвесторлар фақат хомашё қазиб олишдан манфаатдор эканини биламиз, лекин биз ундай эмасмиз. Биз энг юқори стандартлар асосида маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари ва қўшилган қийматга эга маҳаллий ишлаб чиқаришларни яратишни қўллаб-қувватламоқчимиз. Чунки бу янада барқарор таъминот занжирини яратишнинг энг яхши усули ҳисобланади», — деди у.

Нутқи якунида Урсула фон дер Ляйен бу иқтисодий форум компаниялар ўртасида янги алоқаларни ўрнатишга хизмат қилади, шунингдек, янги келишувларни янги ишбилармонлик имкониятларига айлантиради, деб умид қилишини таъкидлади.

«Буларнинг барчаси фақат бошланиши. Тез орада Ўзбекистон ва Европа ўртасида инвестиция ва савдони янада кўпайтирадиган янги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаймиз. Мен келгуси йили Самарқанд шаҳрида тарихда илк бор ўтказиладиган „Марказий Осиё — Европа Иттифоқи“ саммитини сабрсизлик билан кутмоқдаман. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган шу пайтда бир нарсага аминман: шериклигимизнинг энг яхши кунлари ҳали олдинда! Хуллас, барчангизга Тошкент шаҳрига ташриф хайрли бўлишини тилайман. Яшасин Европа!», — деди у.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *