Фильмни суратга олиш гуруҳи турли вазифаларни бажарадиган юзлаб аъзолардан иборат бўлади. Голливуд оламида ишчи гуруҳ билан турли низоларга борган актёрлар ва уларнинг тортишувлари ҳақидаги хабарлар одатий ҳолдир.
Аммо танганинг иккинчи томони бўлгани каби, катта кино саноатида ҳамкасблари билан доимо илиқ муносабатда бўлган ва барчада яхши таассурот қолдирган машҳурлар ҳам талайгина. Қуйида юлдузлик касалига чалинмаган ва можароли хабарларда исмлари ҳеч қачон тилга олинмаган актёрларни кўриб чиқамиз.
Дуэйн Жонсон
Дуэйн Дуглас Жонсон, “Қоя” лақаби билан ҳам танилган. У нафақат Голливуднинг энг юқори маош оладиган истеъдодли актёри ва бизнесмен, балки мухлислари орасида яхши ном олган инсондир. Актёр ҳақида камдан кам ёмон хабарларни эшитиш мумкин, унинг ҳамкасблар Дуэйнни меҳрибонлиги, самимийлиги ва ижобий энергия тарата олиши билан мақтайди.
Жонсоннинг “Maлибу қутқарувчилари” фильмидаги ҳамкасби Зак Эфрон актёр ҳақида кўп бор яхши фикрларни билдирган. У “Қоя”нинг характерини йилдан йилга очилиб борадиган гулга ўхшатган.
Жорж Клуни
Жорж Клуни Голливуддаги энг йирик юлдузлардан бири бўлиб, у “Оушеннинг ўн икки дўсти”, “Бэтмен ва Робин”, “Тундан тонггача” ва бошқа кўплаб фильмлари билан машҳур. Актёр бутун дунёга шунчалик танилганки, Клуни актёрлик фаолиятини тўхтаца ҳам, кўп йиллар давомида таниқли юлдуз бўлиб қолиши шубҳасиз.
Катта гонорарлар, ҳашаматли уйлар, машҳурлик ва миллионлаб мухлисларга эга бўлиш Жорж Клунининг шахсиятига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмаган. Унинг ҳамкасблари Жоржнинг характерини тез-тез мақтаб туради.
“Ёввойи ғарб дунёси” бош актрисаларидан бири Эван Рейчел Вуд “Март кунлари” фильмида биргаликда ишлашда жуда кўп ижобий тажрибага эга бўлганини айтди. Суратга олиш ишларида Клуни ўзини доно, хушчақчақ ва юлдузлик касалига чалинмаган шахс сифатида намоён қилган. У ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзосига ҳурмат билан мурожаат қилган.
Ҳью Жекман
“Росомаха”ни ҳам ҳамкасблари доим яхши таърифлар билан эслайди. Биз актёрни қаттиққўл Логан образи орқали таниганмиз, ҳаётда эса у бутунлай бошқача бўлиб, табассум ва ижобий кайфият унинг доимий ҳамроҳидир.
Жекманнинг ҳамкасби — профессор Ксавьер ролини ўйнаган Патрик Стюарт уни ҳазилкаш, кулгили ва ширинсўз эканини айтган.
Том Ҳэнкс
Интернет ва шоу-бизнес оламидаги турли жанжалларга тўла даврда мукаммал обрўга эга актёрни топиш мушкул. Ўтмишдаги бирор воқеа ҳақида биргина хабар актёрнинг узоқ йиллар йиғган ҳурматини тўкиб юбориши мумкин.
Том Ҳэнкс эса идеал обрўга эга камёб актёрлардан биридир. Унинг характери “Форрест Гамп”да ўйнаган ўша хушмуомала йигитникига ўхшайди. Том ҳақиқатан ҳам тасодифий одамлар билан суратга тушишни ёки тўсатдан пайдо бўлиб, кўчадаги инсонлар суратларини “бузишни” яхши кўради. Актёрни камдан кам ғазабланган ёки асабийлашган ҳолатда кўриш мумкин. У билан бирга ишлаган барча ҳамкасблари Ҳэнкс ҳақида фақат яхши гапларни айтишади. Мисол учун, актриса Эмма Уотсон “Сфера” фильмида ишлагандан кейин Томни ҳақиқий қаҳрамон деб атаган.
Киану Ривз
Албатта, ушбу рўйхатни интернетда энг ёқимли актёрлардан бири деб ҳисобланган Киану Ривзсиз тузиб бўлмас эди. Ҳаёти фожиали воқеаларга тўла бўлганига қарамай, Киану юлдузлик касалига чалинмади. Аксинча, у орттирган бойликларини янада кўпроқ эзгу амаллар қилишга сарфлади.
У “Матрица” фильми учун олган йирик гонорарини уй, машина ва заргарлик буюмларига эмас, балки хайрия ва ҳадяларга сарфлади. Ривз барча пулларни визажист, компьютер техниклари ва кадр ортидаги бошқа меҳнаткашларга тақсимлаб берди. Шунингдек, ҳар бир каскадёр Кианудан совға тариқасида қимматбаҳо велосипедлар олди.
Умуман олганда, Кианунинг хайрли ишлари рўйхатини чексиз давом эттириш мумкин. “Профессионал” фильмини суратга олиш жараёнида мухлислар уни бир неча соат давомида суратга олиш майдончаси ёнида кутишган. Ҳамма актёрлар уларга эътибор бермай, сёмка биносидан чиқиб кетган бўлар эди, лекин Киану барча билан суратга тушган, дастхатлар берган ва ҳатто улар билан суҳбатлашган.