• Вт. Дек 3rd, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Октябрь ойида ҳарорат экстремал қийматлардан узоқ бўлди — Ўзгидромет


2024 йил октябрь ойи ҳарорат тартиби бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлди, фақат республиканинг энг чекка жанубида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 1,5−2 даражага юқори бўлди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет агентлиги.

Ойнинг биринчи ўн кунлигида ҳаво жуда илиқ бўлиши кузатилди. Кундузги ҳаво ҳарорати асосан +23…+28 даража атрофида бўлди. Энг илиқ кунларда ҳаво +30…+32 даражагача, жанубда +34…+36 даражагача исиди.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариб туриши кузатилди. Илиқ тўлқинлар даврида кундузи ҳаво +28…+31, жанубда +32…+34 даражагача исиди, совуқ ҳаво кириб келган даврларда эса ҳарорат 10−15 даражагача пасайди.

Энг совуқ кечаларда термометр устуни +2…+5 даражагача пасайди, республиканинг шимолида ва чўл ҳудудларида эса −1…−3, Қорақалпоғистон Республикасининг айрим жойларида −4…−6 даражагача бўлган биринчи кузги совуқлар кузатилди.

Инфографика: Ўзгидромет.

Ўтган октябрь ойидаги максимал ва минимал ҳароратлар ўзининг экстремал қийматларидан узоқ бўлди.

Жадвалда ўтган октябрь ойидаги минимал ва максимал ҳаво ҳарорат қийматлари метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун октябрь ойидаги мутлақ минимал ва максимал ҳароратлар билан таққосланиши кўрсатилган:

об-ҳаво, октябрь, ўзгидромет

Синоптикларга кўра, 2024 йил октябри жуда ёмғирли бўлди. Республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир одатдагидан тез-тез ёғди ва ёғингарчилик миқдори ойлик меъёрдан 2−4 марта кўп бўлди.

Фарғона водийси ҳудудининг катта қисмида, Қизилқум чўлининг айрим жойларида ва Нурота тизмаси ҳудудида ёғган ёғингарчилик миқдори бўйича барча кузатув қаторлари учун энг ёғингарчилик кўп бўлган учликка кирди.

Октябрь ойида одатда жуда кам ёмғир ёғадиган айрим қурғоқчил ҳудудларда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан 6−8 марта (Навоий ва Қоракўл метеостанциялари ҳудудида), Бухоро метеостанцияси ҳудудида эса 14 марта кўп бўлди. Ушбу ҳудудларда ой метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг ёмғирли бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятининг қатор туманларида ва Қизилқум чўлининг ғарбий қисмидаги баъзи жойларда ёғингарчилик меъёдан кам бўлиши кузатилди.

Энг жадал жала ёмғирлар 14−16 октябрь кунлари бир қатор вилоятларда ёғиб ўтди. Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Наманган вилоятларининг кўпчилик ҳудудларида, Самарқанд, Андижон, Фарғона вилоятларининг баъзи жойларида бир кеча-кундузда 20 мм дан 37 мм гача, айрим жойларда 40−46 мм гача, тоғ олди ва тоғлари ҳудудларда 55−76 мм гача, Қамчиқ довони ҳудудида 109 мм гача ёғди.

Шу кунларда Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида ва Қамчиқ довони ҳудудида ушбу мавсумдаги биринчи қор қоплами қайд этилди. Баланд тоғли ҳудудларда қор баландлиги 15−20 см га етди.

Метеорологик кузатувларнинг бутун тарихи давомида октябрь ойида ушбу кунларда баъзи жойларда бир кеча-кундузлик ёғингарчилик миқдори рекордлари янгиланди.

об-ҳаво, октябрь, ўзгидромет

Ойнинг иккинчи ярмида республика бўйича баъзи жойларда туман кузатилди. Жанубда ва чўл ҳудудларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача бўлганда, чанг-тўзонлар кузатилди.

Шуни айтиш жоизки, 2024 йилнинг октябрь ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистонга ҳақиқий куз кириб келди, дейилади ҳисоботда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *