Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ҳамдўстлиги саммитидаги нутқида яна бир бор Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятга тўхталиб ўтди. Нутқ матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Президент ташкилот доирасида сиёсий ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, умумий манфаатлардан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позициямизни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқ эканини билдирди.
«Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз», — дея қайд этди Ўзбекистон раҳбари.
«Мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими — халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид қилишини таъкидлади.