5−10 ноябрь кунлари Ўзбекистон пойтахти аралаш жанг санъати спорт тури (MMA) бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Миллий аралаш жанг санъатлари ассоциацияси матбуот хизмати «Dunyouzbeklari.Com»га мусобақа жадвали ҳақида хабар берди.
Турнир Humo arena муз саройида 18−21 ва 21−25 ёшдаги спортчилар ўртасида ўтказилади. Бу учун дунёнинг 67 та мамлакатидан 600 нафарга яқин спортчилар ҳамда 208 нафар тренер ва бошқа мутахассислар рўйхатдан ўтган. Мусобақа 40 та вазн тоифаси бўйича ўтказилади (эркаклар 24 та, аёллар 16 та вазн тоифалари).
Ўзбекистон аралаш жанг санъати усталари жаҳон чемпионатида тўлиқ таркиб билан иштирок этади.
Мусобақа дастурига кўра:
- 5 ноябрь соат 11:00дан — 1/32-босқич;
- 6 ноябрь соат 11:00дан — 1/16-босқич;
- 7 ноябрь соат 11:00дан — ¼-босқич;
- 8 ноябрь соат 11:00дан — ½-босқич;
- 9 ноябрь соат 16:30дан — Катталар ўртасида финал баҳслари;
- 10 ноябрь соат 16:30 дан — Ёшлар ўртасида финал баҳслари.
Мусобақани томоша қилишни истовчилар учун кириш бепул.