ИИББ интернетда янги турдаги фирибгарликдан огоҳлантирди. Бунинг оқибатида фуқаролар пластик карталаридаги пул маблағидан айрилиб қолмоқда.
Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси интернетда янги турдаги фирибгарликдан огоҳлантирди.
Шу кунларда фирибгарлар томонидан телеграм мессенжери орқали юқори лавозимларда ишловчи вазирлик, идора ва турли хил ташкилотлар раҳбар ҳамда масъул ходимлари номидан соҳта профиллар яратилиб, қўл остидаги ходимларни алдаш ҳолатлари кузатилмоқда.
Қайд этилишича, фирибгарлар корхона ёки ташклот раҳбари номидан Telegram мессенжерида соҳта аккаунт очиб, қўл остидаги ишчилардан бирига СМС ёзади. Мулоқот давомида ходим билан гуёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қизиқаётгани ва ундан (раҳбардан) баъзи маълумотларни сўрашганини айтади. Бироздан сўнг унга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими алоқага чиқишини маълум қилади.
Фирибгарнинг гапларига ишонган ходим бир неча дақиқадан сўнг у билан алоқага чиққан шахсга (гўёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили) сўраган барча маълумотларини бериб юборади. Бунинг оқибатида фирибгарлар тузоғига илинган ишчи-хизматчилар пластик карталаридаги пул маблағларидан айрилиб қолмоқдалар.
Шу турдаги келган СМС ёки бошқа хабарларни қабул қилиш ва ишонишдан олдин телефон орқали қўнғироқ қилиб ёки шахсан хабар юборган шахсга алоқага чиқиб, хабарни қайта текшириб кўриш сўралган.
«Ҳурматли фуқаролар агар Сиз шу каби ҳолатларга дуч келган бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-55-00 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади», дейилади хабарда.