Шуҳрат Абдураҳмонов Андижон вилояти ҳокими лавозимига қайта тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бугун, 7 ноябрь куни халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессияси ўтказилган.
Унда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Бахтиёр Расуловнинг жорий йил 27 октябрь санасида бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти тингланган.
Сессия иши давомида депутат Ўктамжон Ахунов халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши раиси этиб сайланган.
Шунингдек, сессияда халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатдан ўтказилиб, вилоят кенгаши регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Андижон вилояти ҳокими лавозимига Шуҳрат Абдураҳмоновнинг номзоди кўрсатилиб, тасдиқлаш тўғрисида тақдимнома киритилгани ўқиб эшиттирилди.
Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши қарорига мувофиқ Абдураҳмонов Шуҳрат Кўшакбоевич тўртинчи муддатга Андижон вилояти ҳокими лавозимига қайта тасдиқланди.
Маълумот учун, Шуҳрат Абдураҳмонов 2013 йилнинг апрелидан буён Андижон вилояти ҳокими ҳисобланади.