АҚШ президенти сайловида ғалаба қозонган Дональд Трамп жамоаси Россия-Украина урушини тугатиш бўйича таклифлар тайёрлади. Улар орасида Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш режаларидан камида 20 йилга воз кечиш ҳам бор, деб ёзади The Wall Street Journal.
Шунингдек, Трамп жамоаси демилитаризация зонасини яратиш орқали фронт чизиғини музлатиб қўйишни таклиф қилмоқда. Шу билан бирга, унинг хавфсизлигини таъминлаш билан Америка қўшинлари ёки БМТ контингентлари ва АҚШ томонидан молиялаштириладиган бошқа ташкилотлар шуғулланмайди.
Таъкидланишича, АҚШ ҳарбийларни ўқитиш учун пул тўлаши ёки бошқа ёрдам кўрсатиши мумкин, аммо «америкалик эркак ва аёлларни Украинада тинчликни сақлаш учун сафарбар этмаслиги керак». «Биз бунинг учун пул тўламаймиз. Польяклар, немислар, инглизлар ва французлар қилсин буни», — деди Трамп.
Шу билан бирга, АҚШ Россиянинг келгуси тажовузларини тўхтатиш учун Украинага қурол беришни давом эттириши тахмин қилинмоқда.
Аввалроқ Трампнинг маслаҳатчилари Киев тинчлик музокараларига рози бўлиши учун Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатишни назарда тутувчи тинч йўл билан ҳал қилиш режаси ҳақида гапирганди. Трамп АҚШ президенти лавозимини эгаллаб, ушбу режалардан тўлиқ ёки қисман фойдаланадими, номаълум, дея таъкидлайди нашр.
Вазият қўшинлари фронтда ҳаракатланаётган Россия ҳам, ўз ҳудудларидан воз кечишга тайёр бўлмаган Украина ҳам музокараларга тайёр эмаслигини кўрсатмоқда, деб ёзади WSJ.
АҚШ ёрдам ҳажми бўйича Украинанинг энг йирик иттифоқчисидир. АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден маъмурияти бир неча бор Украинани қўллаб-қувватлашини ва Киевнинг иштирокисиз ҳар қандай тинчлик музокаралари мумкин эмаслигини таъкидлаган.
Financial Times нашрининг ёзишича, Трамп сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг кўплаб украиналик ҳарбийлар Оқ уйга янги АҚШ президенти келиши билан Киевга ҳарбий ёрдам беришни тўхтатишидан ва Украина «камида» Донбассдан айрилишидан хавотир билдирган.
Аввалроқ Украинанинг НАТОга зудлик билан таклиф этилишига АҚШ ва Германиядан ташқари, Венгрия, Словакия, Бельгия, Словения ва Испания ҳам қарши экани ҳақида хабар бергандик. Украина президенти Владимир Зеленский ўз мамлакатини НАТОга таклиф қилишни Россия билан урушни тугатишнинг ягона йўли деб атаган. Унинг фикрича, бу Киевнинг музокаралардаги позициясини мустаҳкамлайди ва украиналикларнинг руҳиятини оширади.