Америкалик миллиардер Илон Маскнинг бойлиги унинг Tesla компанияси акциялари ўсиши фонида 26,5 миллиард долларга ошди, деб ёзади Bloomberg.
Республикачи Дональд Трампнинг АҚШдаги сайловлардаги ғалабасидан сўнг қимматли қоғозлар нархи 15 фоизга ошиб, ҳар бир акция учун 289 долларни ташкил қилди.
Илон Маскнинг умумий бойлиги 290 миллиард долларга етди, у Bloomberg миллиардерлар индексида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Рейтингда иккинчи ўринда Amazon асосчиси Жефф Безос жойлашган, унинг бойлиги АҚШдаги президентлик сайловлари фонида 3 фоизга ўсган. Oracle бош директори Ларри Эллисон ва инвестор Уоррен Баффет ҳам бойлигининг ўсиши бўйича етакчилар қаторидан жой олди.
Дональд Трамп АҚШдаги президентлик сайловларида катта фарқ билан Камала Ҳаррис устидан ғалаба қозонди. У январь ойида президентликка киришади. Илон Маск уни сайлов кампанияси давомида фаол қўллаб-қувватлаб, кампанияни молиялаштириш учун 119 миллион доллар ажратган.